Ҳеч ким эътибордан, меҳрдан четда эмас
Халқимизнинг тош босадиган ўтмиши, қудратли бугуни, буюк келажаги бор.
Улуғ мақсадлар сари ташлаган қадамлари, босиб ўтган йўли, ошиб ўтган довонлари бор... Мустақиллик йўлида асрлар оша курашган фарзандлари бор...
1991 йил 31 август. Тарих ўзани миллий тақдиримизда туб бурилиш ясади. Халқимиз қалбида, мамлакатимиз ҳаётида энг улуғ, энг азиз кун сифатида мангуга муҳрланиб қолди. Ўша муаззам кунда Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинди.
Мустақиллик шарофати. Халқ қарамлигига нуқта қўйилди. Озодлик учун жон фидо қилган боболаримиз-момоларимиз руҳи шод бўлди. Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди. Миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни, қадр-қиммати тикланди. Тилимиз, миллий ва диний урф-одатларимиз, маънавий қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Ҳар бир фуқаро ўз орзу-умидларига мос равишда ҳаёт кечириш, озод ва обод яшаш бахтига муяссар бўлди. Мамлакат озодликда эркин нафас ола бошлади.
Ҳамма иш инсон ҳуқуқларини тиклашдан, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашдан бошланди. Бутун мазмуни-ю моҳиятига инсонийлик ва эзгулик тамойилларини сингдирган, туб фалсафаси, ғоясига кўра энг илғор миллий ва умуминсоний қадриятларни мужассамлаштирган Бош қомусимиз — Конституциямиз қабул қилинди. Ва унда жамики неъматлар ичида энг улуғи бўлган инсоннинг шаъни, қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар узоқ йиллар ҳуқуқлари чекланган, инсонийлиги топталган, тилидан, миллий қадриятлари ва урф-одатларидан маҳрум бўлган халқимиз учун жуда муҳим воқъелик бўлди.
Янги Ўзбекистон. Ватандошларимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари янада ривожлана бошлади. Айниқса, аҳоли соғлиғини сақлаш борасида малакали ва замонавий тиббий хизмат турлари кенгайди. Тиббий муассасалар, улардаги асбоб-ускуналар, лаборатория ва диагностика марказлари, малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда ва бу борада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бугун олий ўқув юртларига, Президент мактабларига имтиҳон топшираётган ёшларни кўриб, дилинг яйрайди. Мамлакатимизда “ижод” мактаблари, “Темурбеклар” каби мактабларнинг ташкил этилганлиги фарзандларимизни янада кенг имкониятлар кутмоқда.
Олий таълим тизими ҳам йил сайин кенгаймоқда. Ҳар бир инсоннинг олий таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида кўламли чоралар кўрилмоқда. Пировадида, мустақил фикрига, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган, замонавий билимларни чуқур эгаллашга азму қарор қилган ёшларимиз олий маълумот олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Дарвоқе, халқаро фан олимпиадаларида фарзандларимиз қўлга киритаётган шода-шода медаллар истиқлолнинг бизга берган маънавий бойликларидир. Бу бойлик эрта-индин дунё тан оладиган Алишер Навоий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Абдулла Муҳаммад ал Хоразмий, Ҳабиб Абдуллаев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддиновлар бўлиб майдонга чиқади. Ҳа, йиллар ўтиб бормоқда, ортимиздан мустақиллик фарзандлари – муносиб ўринбосарлар келмоқда.
Шуни ғурур ва ифтихор билан такрор-такрор айтиш мумкинки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, баркамол авлод эришаётган ютуқлар, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, барча-барчаси Мустақиллик шарофатидир.
Дунёнинг кўпгина мамлакатларида нотинчлик юз бераётган, қонли можаролар авж олаётган, бунинг натижасида тинч аҳоли жабр кўраётган, уй-жойидан, мол-мулкидан айрилиб, бошпанасиз, ҳимоясиз қолаётган айни замонда, мамлакатимизда янги-янги корхоналар, катта-катта ишлаб чиқариш иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда, муҳташам таълим-тарбия ва спорт саройлари, маданият ва санъат кошоналари қад ростламоқда, шаҳар ва қишлоқларимиз обод, йўлларимиз равон бўлиб, жаннатмакон диёримиз кун сайин гуллаб-яшнамоқда.
Тошкент метрополитенининг Шаҳристон – Туркистон бекатлари қуриб битказилганлиги, Дўстлик метросидан бошлаб айланма метро йўли қурилаётганлиги ва унинг бир қисми ишга туширилганлиги нафақат тошкентликларни, мамлакатимиз халқини қувонтирмоқда.
Шаҳар ва қишлоқларимизга кўрк бераётган ижтимоий иншоотлар, намунавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, равон кўчалар-у йўллар турмуш тарзимизнинг нақадар яхшиланиб, ҳаётимиз фаровонлашиб бораётганидан далолатдир.
Мамлакатимиз пойтахтида, кенг майдон узра қурилаётган “Истиқлол боғи” пойтахтликлар ва меҳмонлар учун Мустақиллик байрамига муносиб совға бўлди.
Ҳа, серқуёш, сержило диёримизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз. Бундай шиддатли тараққиётни кўриб, буюк бобомиз Амир Темурнинг “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга боқ”, деган сўзлари ёдга тушади.
Юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларни кўп кузатаман. Улар таниқли сиёсатдонлар, давлат ва жамоат арбоблари, олим ва мутахассислар, кўпни кўрган сайёҳлар. Улар мамлакатимиздаги ютуқларни ҳайрат ва ҳавас билан кўриб, муболағасиз оғзи очилиб, эришаётган натижаларимизга қойил қолиб, ижобий хулосалар чиқармоқда. Бу хулосалар замирида “Ўзбекистон тажрибаси”, “Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” каби ҳаққоний пойдеворлар ётибди.
Дарвоқе, Мустақиллик – миллат ҳаётидаги энг буюк воқъелик, асрий орзуларимиз рўёби. Уни мустаҳкамлаш, қўз қорачиғимиздек авайлаб асраш, иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий асосларини такомиллаштириб бориш, жамият ҳаётини доимий равишда ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳаммамиздан фидойиликни талаб қилади. Ана шундай фидойиликлар ҳисобига кўп натижаларни қўлга киритган Ўзбекистон бугун жаҳонда ўз ўрни, ўз салоҳиятига эга. Дунё ҳамжимияти олдида юзи ёруғ.
Бундай муваффақиятларнинг бош омили, аввало давлатимиз сиёсатининг инсонийлик ва эзгулик тамойиллари билан уйғунлигидадир. Муҳими, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати, турар жойи, мулки ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунларимиз, Президентимиз ҳимоясида.
Инсонийлик ва эзгулик қуруқ гап эмас. Энг аввало, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилиш, халқимизни рози қилиш, айниқса одамлар қалбига қулоқ солиш, кўнглига йўл топиш. Бу борадаги ишлар кўлами йил сайин кенгайиб, муҳим паллага кириб бормоқда.
Бу йил биз Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олаяпмиз. Энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимиз, Мустақиллик йилларида ташлаган одимларимиз – шу халқ учун, албатта.
“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган айнан ҳам шу халқ. Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 14 декабрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида шу сўзларни айтганида барчамизнинг кўнглимиз равшан тортган эди.
Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий:
“Эл поясин англай десанг асрорини бил,
Кўнглидаги муддаосин изҳорини бил” деб айтганидек, Давлатимиз раҳбари ҳам ишни кўнгилдан, халқ кўнглини тафтиш қилишдан бошлади.
Кўнгил...
Ҳа, қулоққа оддийгина эшитиладиган бу сўз замиридан қалб, дил, юрак каби тушунчалар ўрин олган. У билан тиллашиш, уни эшита билиш, унга қўл солиш нақадар муҳим иш эканлигини тезда ҳамма англай бошлади.
Хўш, давлат раҳбари халқ кўнглига йўл топишни нимадан бошлади? Албатта, юзма юз мулоқотдан. Уйма-уй, хонадонма хонадон киришдан. Беморларнинг хол-аҳволини сўраб боришдан. Таъзияли хонадонларга кириб, кўнгил сўрашдан. Одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, зудлик билан ҳал этишдан...
Юртдошларимиз мурожаатларига – ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дард-ташвишлари, орзу-армонларига Президент даражасида эътибор қаратилаётганлиги ҳар бир инсон учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу заминда туғилиб ўсган, шу ватанни ватан деб, шу юртни юртим деб яшаётган айрим юртдошларимизнинг бир қисми неча йиллар қалбида оғир бир дард билан яшади. Бу дард “фуқаросизлик” дарди эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг ҳам қалбига йўл, дардига малҳам топди. Бугунги кунда Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг фуқароси деган шарафли номга муяссар бўлиш дарди билан эзилиб ётган юракларни дард эмас, муҳаббат, Ватанга муҳаббат, унинг адолатпарвар раҳбарига бўлган муҳаббат эгаллади.
Дарҳақиқат, одамларнинг ҳаётга, давлатга, жамиятга, келажакка ишончи нафақат мустаҳкамланмоқда, ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси, аввало, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришилганидан, ватанпарварликдан, халқчилликдан, шижоат ва жасоратдан далолатдир.
Очиғини айтиш керак, инсон кексайган сайин иззатталаб, меҳрталаб бўлиб қолади. Мана шундай кекса инсонларни қадрлаш, йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, кечаги меҳнаткаш – бугунги нуроний-фахрийлар ҳурматини жойига қўйишга қаратилган чора-тадбирлар, “Меҳнат фахрийси”, “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ҳеч ким эътибордан қолмаслигини кўрсатмоқда.
Шу кунларда, маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш ҳақидаги фармон кўпчиликнинг дилини яйратди. Бир пайтлар ватан учун, халқ учун фидокорона меҳнат қилиб, кеча ёрдамга муҳтожлиги ҳақида кимга мурожаат қилишини билмай ўтирган уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари иззат-икром топа бошлади. Бу каби саъй-ҳаракатлар юртимизда инсон қадри баландлигидан далолатдир.
Президентимиз ташаббуси билан олға сурилган муҳим ижтимоий-маънавий ташаббуслар: “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” каби ижтимоий ҳимоя воситалари аҳолини фаровонликка етакловчи куч бўлиб хизмат қилмоқда.
Иқтисодиётнинг тамал тошини қўядиган илм аҳли – академиклар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар эъзозланмоқда, заҳматли меҳнатлари муносиб қадрланмоқда. Хуллас, ҳеч ким эътибордан, меҳрдан четда қолган эмас.
Хорижий кузатувчилар Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиёга ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда. Ҳа, мазмун-моҳияти ва амалий натижаларига кўра йиллар-йилларга уланиб бормоқда. Қатрада қуёш акс этади деганларидек, Янги Ўзбекистон шароитида ҳаётимизда юз берган улкан ўзгаришлар баланд-баланд чўққиларни забт этмоқда. Бу шиддат асло сўнмайди.
Ана шундай тезкор ва шиддатли замонга ҳамнафас истиқлолимиз ҳам ҳар йили бир ёшга улғаймоқда. Бу улғайиш тинч-тотув ҳаётимиз, фаровон турмушимиз, буюк келажагимиз, турмуш тарзимизга, хонадонларимизга кириб келаётган рўшнолик, тўкин ризқ-насиба, дунёқарашимизда юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамоҳанг. Энг аввало, қадди бастимизнинг, ғурур ва шаънимизнинг тикланганини кўрамиз, жаҳон ҳамжамияти сафида муносиб ўрин эгаллашимиздан ҳақли равишда ифтихор туямиз.
Очиғини айтсам, давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шажоати, ҳазрат Алишер Навоийнинг
Одами эрсанг демагил одамий,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами, деган ҳикматларини ёдимга солаверади:
Ҳа, халқнинг ғамини еб, ташвишларини енгиллаштириш учун давлатимиз раҳбари “Биз катта марра олдик. Халқимиз олдида улкан масъулият бу. Одамлар катта ишонч билдиряпти. Буни оқлаш учун ҳалол-пок, садоқат билан меҳнат қилишимиз керак”, деб елиб-югурмоқда...
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ўз саъй-ҳаракатлари билан қисқа муддат ичида халқнинг қалбига йўл солди. Ва бу йўл оддий йўл эмас, меҳр ришталари билан боғланган кўнгил йўлидир. Кўнгил обод бўлса, юрт ҳам обод бўлади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси