Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимизнинг ҳар бир гўшасида, истироҳат боғлари, майдонлар, кўнгилочар масканларда болажонлар учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари “Оилавий меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, васийликка олинган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар, ижтимоий аҳволи оғир оилалар фарзандлари ҳамда уй таълимида таҳсил олаётган болалар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар ва байрамона кайфият улашмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими вакиллари ҳам вилоятнинг чекка туманларида, олис, тоғли ҳудудларда истиқомат қиладиган, уй таълимида таҳсил олаётган болажонлар ҳолидан хабар олди. Ангрен шаҳри “Жигаристон” маҳалласи Кончилар кўчаси 53-уйда яшовчи Муҳайё Мардонова 3-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси. У уй таълими бўйича ўқийди. “Тараққиёт” маҳалласи 36-уй, 26-хонадонда яшовчи Миразиз Маҳмудов эса 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси. Уй таълими бўйича таҳсил олаётган бу болалар ўз тенгқурлари қатори мактабга чопқиллаб бориб келиш имконига эга эмаслигидан ўксинади. Саломатлигида нуқсони бор, қалби ўксик бу ўқувчиларга қувонч улашилди, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилди.

Бундан ташқари, вакиллар Оҳангарон туманида ҳам бўлиб, бир қатор ана шундай болалардан ҳолидан хабар олди. Жумладан, “Чинор” МФЙ Бирлик кўчаси 2-уйда яшовчи 2012 йилда туғилган Шахина Абдуманоппова, “Овжазсой” МФЙ Қурама кўчаси 12-а уйда яшовчи 2009 йилда туғилган Хуршидбек Қўшдавлатовлардан хабар олиниб улар билан дилдан суҳбатлашилди. Байрам кунида ҳолидан хабар олинган бу болаларнинг кўнглини кўтариш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фонд томонидан Моноблок компьютер жамланмаси совға тариқасида топширилди.


М.Комилова, ЎзА