Ҳеч бир ташаббус эътиборсиз қолмайди
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Гулистон шаҳридаги тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашди.
Вилоят раҳбари ёшлар томонидан ишланган тасвирий санъат намуналари билан танишди. Очиқ ва самимий кечган учрашув давомида ёшларнинг ишга жойлашиш, банк кредити, ҳуқуқий ёрдам ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашга оид мурожаат ҳамда таклифлар тингланди. Ёшлар томонидан ўртага ташланган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Кредит олиш ва ишга жойлашиш истагидаги ёшлар билан банк ҳамда бандлик мутасаддилари шуғулланиши юзасидан кўрсатма берилди. Бир неча мурожаат эса вилоят миқёсида кўриб чиқиладиган бўлди. Мурожаат, таклиф ва ташаббусларнинг кўриб чиқилиши, шунингдек, масъуллар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши келгуси учрашувларда муҳокама қилиб борилиши белгилаб олинди.


Ш. Суяров, ЎзА