“Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди!”
Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилнинг 20 январидан 20 мартига қадар ўтказилаётган мазкур ҳуқуқий акция доирасида Самарқанд вилоятида хатлов ишлари давом этмоқда.
Хусусан, Иштихон, Қўшработ, Пахтачи туманлари давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари айни пайтда маҳалаллар ва тегишли идораларга борган ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганишмоқда.


Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳуқуқий акция доирасида туғилиши қайд этилмаганлиги оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмаганлиги сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда ҳамда кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга ёрдам берилмоқда.


Аниқланган муаммолар, мурожаатлар натижасига кўра, фуқароларнинг туғилганлиги қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Яқин қариндошларининг ўлими қайд этилиб, гувоҳнома (маълумотнома)лар берилади, шунингдек, туғилиш ёки ўлим ҳақидаги фактларни белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилади ва суд ҳужжати асосида туғилиш (ўлим) қайд этиб берилади. Тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда кўмаклашилади, кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга ваколатли органлар билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири