ХДП: талабалар сиёсий билимларини синовдан ўтказди
Термиз давлат университетида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашининг “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Термиз давлат университетининг “Гумата”, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг “Парламент”, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг “Туркистон” ҳамда Термиз давлат педагогика институтининг “Билимдонлар” жамоалари ўзаро беллашди.

Турнир иштирокчилари давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид тезкор савол-жавоб, фикрлаш ва мантиқий таҳлил ҳамда мунозара ва дебат шартлари асосида ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини намойиш этди.
Қизиқарли баҳс-мунозаралар асосида ўтган интеллектуал турнир йигит-қизларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларда овозини кучайтиришга, таълим, саломатлик ва ижтимоий тенглик соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларини ривожлантиришга хизмат қилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини кучайтириб, “Сиёсий лидерлик” ва “Жамоатчилик бошқаруви” соҳаларида малака оширишига кўмаклашди.

Тадбир якунида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг “Парламент” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Термиз давлат университетининг “Гумата” жамоаси иккинчи, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг “Туркистон” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар партия ташкилотининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири