ХДП: ишончли вакил учрашувлари давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг Фарғона вилоятидаги ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонова жойларда сайловчилар билан учрашмоқда.
Унда номзоднинг фаолияти ҳамда унинг сайловолди дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида сўз юритилмоқда. Қўштепа туманида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил йиғилганларга номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтди.


Хусусан, дастурда назарда тутилган эҳтиёжманд шахсларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам маблағларининг манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталди. Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши одамларнинг фаровон ҳаёт кечиришларига замин яратиши таъкидланди.


Учрашувда сўзга чиққанлар Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилганлиги ва энг аввало, жамият манфаатлари ҳимоясига қаратилганлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, иш билан таъминланмаган аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат, ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга кўмаклашиш, коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари эътироф этилди. Номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб, муҳим сиёсий жараёнда барчани фаол бўлишга чақирди.
М.Сулаймонов, ЎзА