Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Халилла Ешимбетов Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани сайловчилари билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, ишончли вакил Халилла Ешимбетов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. Жумладан, дастурда кучли ижтимоий сиёсат, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизмат, кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, конструктив ташқи сиёсатга оид устувор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.
[gallery-12269]
Халилла Ешимбетов Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсади – ижтимоий давлат концепцияси экани, шу боисдан ҳам янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилгани хусусида тўхталди.
Ишончли вакил ўз маърузасида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди. Хусусан, номзод дастуридаги аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган ташаббусларга эътибор қаратди.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар сайловчиларни Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовга овоз беришга чақирди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА