Ҳазрат Навоийнинг Гуржистонга "сафари"
Президент ташрифидан сўнг...
Баъзан ҳаётда шундай рамзий воқеалар юз берадики, улар асрлар давомида узилмай келаётган маънавий ришталарнинг қанчалик мустаҳкамлиги ва барқарорлигидан далолат беради.
3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳрида буюк мутафаккир, туркий адабиётнинг беназир даҳоси ҳазрат Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали равишда очилиши ана шундай улуғ воқеалардан бири бўлди. Маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе иштирок этди.
Бу ҳайкал нафақат буюк шоир хотирасига эҳтиром, балки тарих билан бугунни боғлаган маънавий кўприкдир. Зеро, беш ярим аср муқаддам Алишер Навоий ўзининг буюк “Садди Искандарий” достонида Гуржи юртини алоҳида тилга олган эди:
Тушуб Чаркасу Гуржа сори йўли,
Бўлуб борча гуржию чаркас қули.
Шимол аҳлин эҳсонға ғарқ айлабон,
Таважжуҳ қилиб азми Шарқ айлабон.
Бу мисралар зоҳиран Искандар юришларини тасвирласа-да, уларда Кавказ ўлкалари, жумладан, Гуржистон ҳақидаги тасаввурлар ҳам ўз аксини топган. Энг муҳими, Навоий Гуржи диёрини кенг тарихий-маънавий маконнинг бир қисми сифатида тилга олади. Демак, Гуржистон номи Навоий қаламида тасодифан эмас, балки буюк шоирнинг кенг географик ва маданий дунёқарашининг бир бўлаги сифатида намоён бўлади.

Бугун эса тарих гўё ўзининг чиройли давомини топди. Бир вақтлар Навоий шеъриятида тилга олинган Гуржи диёрида энди улуғ мутафаккирнинг муҳташам ҳайкали қад ростлади. Бу воқеа ўзбек ва грузин халқлари ўртасидаги маданий алоқалар тарихида муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Қадимдан икки халқни савдо йўллари, ўзаро ҳурмат ва бой маънавий меросга қизиқиш бирлаштириб келгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Грузия халқларини азалдан Буюк ипак йўли, савдо-сотиқ, илм-фан ва маданий алоқалар боғлаб келган. Бугунги кунда икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари туфайли ушбу муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга ташрифи нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик, балки маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбек халқи Грузиянинг буюк шоири Шота Руставели меросини ҳамиша юксак қадрлаб келган. Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталган, пойтахтимизда унга ҳайкал ҳам ўрнатилган. Ўз навбатида, жорий йилда Тбилисидаги марказий боғлардан бири Алишер Навоий номи билан аталгани икки халқнинг бир-бирининг буюк фарзандларига бўлган ҳурматининг ёрқин ифодасидир.
Шота Руставели яшаган адабий муҳит ҳам Шарқ мумтоз маданияти билан чамбарчас боғлиқ эди. Унинг машҳур “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонида инсонпарварлик, адолат, садоқат, мардлик ва маърифат ғоялари устувор ўрин тутади. Бу ғоялар кейинчалик Алишер Навоий ижодида ҳам юксак бадиий камолот билан намоён бўлади. Шу маънода Руставели ва Навоий ижоди икки халқни бирлаштирувчи умуминсоний қадриятларнинг бадиий ифодаси ҳисобланади.
Ўзбек ва грузин халқларини яқинлаштириб келаётган омиллардан яна бири – уларнинг муштарак адабий манбалардан баҳраманд бўлганидир. Бу жиҳат, айниқса, XVII аср грузин мумтоз адабиёти вакили Нодар Цицишвилининг “Барамгуриани” асари мисолида яққол кўринади. Мазкур асар Баҳром Гўр ҳақидаги Шарқ адабий анъаналари билан боғлиқ бўлиб, унинг илдизлари Низомий Ганжавийнинг “Ҳафт пайкар” ҳамда Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидаги Баҳром Гўр образи ва етти малика ҳақидаги ривоятлар билан уйғунлашади.
“Ҳафт пайкар” Низомий “Хамса”сининг машҳур достонларидан бири бўлиб, Баҳром Гўр ҳаёти ва етти маликанинг ҳикояларини ўз ичига олади. Алишер Навоий ҳам айнан Низомий асос солган буюк “Хамса” анъанасини туркий тилда юксак бадиий камолотга етказган даҳодир. Бу гўзал шеърий қисса Навоийнинг “Сабъаи сайёр” асарида янада ёрқин ва жозибали тарзда баён этилади. “Барамгуриани” достонида эса грузин шоири Низомий ва Навоий анъаналарини давом эттиради, шарқда машҳур бўлган Баҳром Гўр ҳақидаги афсоналарнинг ўзига хос талқинини яратади.
Яна бир қизиқ жиҳати Навоий “Тарихи мулуки ажам” асарида Баҳром Гўр ҳақида сўз юритаркан, унинг айнан Гуржистонга қилган юришлари ҳақида тўхталади. Тарихий манбаларда ҳақиқатан ҳам Грузиянинг шарқий ҳудудлари – қадимги Иберия маълум муддат Сосонийлар сулоласи вакили бўлган Баҳром V (Баҳром Гўр) ҳукмронлиги остида бўлгани зикр этилган. Бу эса, Навоийнинг Грузия тарихидан яхши хабардор эканига яна бир далилдир.
Бу улуғ даҳоларнинг ҳар учала асарида адолатпарвар ҳукмдор, эзгулик, комил инсон, вафо, муҳаббат ва маънавий покланиш ғоялари муҳим ўрин тутади.
Грузияда Навоий меросига қизиқиш кейинги даврларда ҳам давом этган. Унинг ғазаллари ва “Хамса”сига мансуб айрим достонлари грузин тилига таржима қилинган, адабиётшунослар томонидан ўрганилган. Тбилисидаги Корнели Кекелидзе номидаги Қўлёзмалар миллий марказида араб, форс ва туркий тиллардаги кўплаб ноёб Шарқ қўлёзмалари, жумладан, Навоийнинг турли даврларда кўчирилган асарлари ҳам сақланади. Жамшид Гиунашвили, Магали Тодуа, Александр Гвахариа сингари грузин олимлари Навоий ижоди бўйича тадқиқотлар олиб боришган. Айни пайтга қадар Навоийнинг қатор ғазаллари, рубоийлари, достонлари грузин тилига таржима қилинган, ҳатто мактаб дарсликларига ҳам киритилган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тбилиси шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг қад ростлаши бежиз эмас. Бу – асрлар давомида бир-бирини бойитиб келган икки буюк адабий анъананинг, икки халқнинг ўзаро эҳтироми ва маънавий яқинлигининг рамзий ифодасидир. Беш ярим аср муқаддам Навоий шеъриятида тилга олинган Гуржи диёри бугун унинг муҳташам ҳайкалини ўз бағрига олди.
Навоийнинг бутун ижоди халқлар ўртасида меҳр-оқибат, эзгулик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тараннум этади. Шу маънода Тбилисида қад ростлаган ҳайкал нафақат санъат асари, балки маънавий мулоқот тимсолидир. У Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Рустам ЖАББОРОВ,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
ЎзА