Ҳазорасп темир йўл вокзали янги қиёфада (+видео)
Хоразм вилоятида йирик транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўлида навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди. Янгиланган Ҳазорасп темир йўл вокзали тантанали равишда фойдаланишга топширилиб, аҳоли ва меҳмонлар учун янада қулай ва замонавий шароитлар яратилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, темирйўлчилар ва фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўнгги йилларда мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган улкан янгиланишлар ҳақида тўхталар экан, бу ўзгаришлар йўловчиларга кўрсатиладиган хизмат сифати ва самарадорлигини юқори поғонага олиб чиқaётганини алоҳида таъкидлади. Ҳудудларда замонавий вокзаллар бунёд этилиб, янги йўналишдаги поездлар қатнови йўлга қўйилаётгани нафақат йўловчи ва юк ташиш, балки туристик салоҳиятни ҳам оширишга хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритди.
Қисқа муддатда реконструкция қилинган Ҳазорасп темир йўл вокзали ҳудуди ва биноси тубдан янгиланиб, замонавий архитектура элементлари асосида барпо этилгани йўловчилар оқимини тез ва хавфсиз тарзда қабул қилиш, хизмат кўрсатиш имконини беради. Эндиликда вокзалдаги барча жараёнларнинг рақамлаштирилгани барча учун янада қулай муҳит яратди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yWjBcaHogX4" title="Hazorasp temir yo’l vokzali yangi qiyofada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Вокзал ҳудудида замонавий талабларга мос перрон ва платформа инфратузилмаси, ёритиш тизими ва хавфсизлик камералари, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив имкониятлар, кенг ва ёруғ йўловчилар зали, она-бола зали, дам олиш ва ювиниш, тиббиёт хоналари, юқори даражадаги сервис хизматлари кўрсатиш “VIP” зал, чиптахона мавжуд. Шунингдек, йўловчиларга янада қулай бўлиши учун электрон маълумот таблоси ўрнатилиб, электрон чипталарни рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилган.
[gallery-26622]
Эндиликда вокзал бир вақтнинг ўзида 250 нафар, бир кеча-кундазда минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга.
— Ҳазорасп —минг отлиқлар юрти. Бу муқаддас заминнинг ўзи уч минг йиллик тарихга эга, —дейди ҳазорасплик меҳнат фахрийси Яқуббой Қутлимуродов. — Бизнинг боболаримиз бу йўллардан карвон ҳайдаб ўтган, савдо-сотиқ қилган, шу ерда дам олган. Қадимда ҳам йўл бор жойда ҳаёт бўлган, деб айтишарди. Бугун эса мана, шу замонавий вокзал очилиб, борди-келдиларимиз осон бўлди, халқимизга яна бир эшик кенг очилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар янги вокзалда яратилган шароитлар билан танишди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), Нозимбек Мардонов (видео)
ЎзА мухбирлари