Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг фожиали ва оғир синовлардан бири бўлди. Миллионлаб инсонлар ўз ватанини ҳимоя қилиш, тинчлик ва эркинлик учун курашди. Улар орасида Қашқадарё вилояти Касби тумани Муғлон маҳалласида истиқомат қилувчи Хайрулло бобо Шерматов ҳам бор.
1914 йилда туғилган Хайрулло бобо 17 ёшида урушга жўнаб кетган. Ёшлиги уруш қийинчиликлари ичида ўтган, аммо у бир дақиқа ҳам орқага чекинмаган, матонат билан фронтда хизмат қилган. Қанчалар қийин дамлар, елкама-елка туриб кечган жанглар, юракка ўйилган хотиралар –ҳаётнинг буюк маъносини янада мустаҳкамлаган.
Урушдан сўнг Хайрулло бобо тинч ҳаёт қурилишида фаол иштирок этган. Қишлоқ хўжалигида фидойилик билан меҳнат қилган, узоқ йиллар мобайнида комбайн ҳайдаган. Одамлар учун дон етиштириш, меҳнат қилиш унинг ҳаёт шиорига айланган.
[gallery-23240]
Бугунги кунда Хайрулло бобо 101 ёшни қаршилаган. У 11 нафар фарзанд, 57 нафар набира ва 70 нафардан зиёд эвара, чеваранинг ғурури, улуғ бобоси ҳисобланади. Бу улуғ ёш – нафақат инсон ҳаёти, балки бир авлод тарихидир.
“Муғлон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасан Бозоровнинг айтишича, маҳаллада 5 минг нафардан ортиқ аҳоли ва мингдан зиёд хўжалик яшайди. Уруш қатнашчиси сифатида Хайрулло бобонинг ҳолидан доимий равишда хабар олиб турилади, у ҳар доим эътибор ва ҳурмат марказида.
Хайрулло бобо Шерматов ўтган синовли йилларни эслар экан, бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш зарурлигини таъкидлайди: “Ёшликнинг қадрига етинг. Биз беғубор ёшликни кўрмай ўтдик. Бугун ҳамма имконият бор. Бундан унумли фойдаланиш керак.”
Дарҳақиқат, қанча вақт ўтмасин, хотира абадийдир. Бундай жасур инсонлар ҳаёти ва хизматлари келажак авлод учун ибрат манбаидир. Халқимиз урушда ҳалок бўлганлар хотирасини унутмагани каби бугунги кунда тирик гувоҳларнинг қадрини билиш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиздир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари