Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Баҳодир Маъмуров ташаббуси билан бир гуруҳ болажонларнинг суннат тўйи ўтказилди.
Бухоро давлат Педагогика институти ҳовлисида маҳалла фаоллари, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари байрамона безатилган дастурхон атрофига тўпланиб, суннат тўйининг жажжи иштирокчиларини муборакбод этди.
Тадбирда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда эканлиги таъкидланди.
Тўй болаларга миллий ва халқона расм-русумларга биноан сарполар кийдирилиб, совға-саломлар улашилди.
[gallery-17755]
– Бугунги байрамона тадбир ташкилотчиларидан беҳад миннатдорман, – дейди Бухоро тумани “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Шавкат Иноятов. – Келажакда жажжи фарзандларимнинг мустақил Ватанимизга муносиб кишилар бўлиб вояга етишишларига ишонамиз. Чунки, бунинг учун юртимизда барча шароит яратиб берилган. Ўғил-қизларимизни ҳар қачонгидан кўра соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашда биз ҳамиша масъулмиз. Кўнгилларга ёруғ ва илиқ нур олиб кирувчи бундай ибратли тадбирлар бардавом бўлсин.
Тўй дастурхони атрофида янграган куй-қўшиқлар, ижро этилган жозибали рақслар барчага шодумонлик бағишлади. Шу куни Бухоро давлат педагогика институтида Садриддин Салим Бухорий ва Самад Азимов номидаги ўқув хоналари ҳам очилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари