Хайрли ташаббус назоратга олиниши керак
Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан бундан уч-тўрт йил олдин жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчилар учун хизмат кўрсатадиган автобекатлар фаолиятини замонавий мезонлар асосида ташкил этиш мақсадида хайрли ташаббус амалга оширилди.
Эзгу ташаббус вилоят маркази – Фарғона шаҳрида кенг қулоч ёзди. Элликка яқин фойдаланилмай турган ёки қаровсиз қолган автобекатларда тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан енгил конструкцияли янги иншоотлар қад ростлади.
Бекатлар ҳудуди тадбиркорларга бепул берилди. Ушбу масканларда савдо ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш, бепул интернет хизматини йўлга қўйиш, ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши учун кондиционер ўрнатиш, йўловчилар учун ўриндиқлар бўлиши шартлиги белгиланди.
Дастлаб барча ишлар рисоладагидек бўлди. Вақт ўтиши билан кўп дўконлар эгалари савдоси юрмагани учун фаолиятини тўхтатди. Баъзи дўконлар ижара асосида қўлдан-қўлга ўтиб келаётган бўлса, айримлари мавсумий фаолият кўрсатади.
[gallery-20125]
– Ҳозирги кунда ўттиздан кўпроқ “ақлли бекат”лар бир маромда ишламоқда, - дейди Фарғона шаҳри ободонлаштириш бошқармаси ходими Нодирбек Мамажонов. – Йигирматача бекатда бепул интернет хизмати ташкил этилиб, кондиционер ўрнатилган. Шу билан бирга баъзи бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмагани ҳам ҳақиқат. Бу борада мавжуд вазиятни ўрганиш учун тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Улар кўп ҳолларда йўловчилар ўриндиқларни синдириб, бузиб кетишаётганидан норози бўлди. Табиийки, бугунги кучли рақобат шароитида шундоқ ҳам бизнеси яхши юришиб кетмаётган тадбиркорлар бундай ортиқча харажатдан азият чекмоқда.
Тадбиркорлар жамоат транспорти қачон келиб-кетишини кўрсатиб турувчи мониторлар ҳам ўрнатишган эди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ана шу мониторлар ўғирлаб кетилган. Фарғона шаҳри марказидаги Сайилгоҳ, Университет, Ал-Фарғоний кўчаларидаги “ақлли бекат”ларда ўрнатилган мониторлар ўғирлангани бўйича тадбиркорлар ички ишлар органларига мурожаат қилган. Аммо бу жиноятлар очилмай қолган.
– Жамоат транспортидан тез-тез фойдаланаман, – дейди фуқаро Фаридахон Рўзиматова. – Аммо баъзи бекатларда йўловчига яратилган шароит, тозалик талабга жавоб бермайди. Алишер Навоий кўчасидаги ана шундай бекатларнинг баъзилари мавсумий ишлаб, музқаймоқ, бир зумлик егуликлар сотади. Эгалари алмашиб кетавергани боис кўпинча ёпиқ бўлади. Йўловчилар учун ажратилган хона эса қаровсиз, абгор ҳолатда қолган.
“Ақлли бекат”ларда ким фаолият кўрсатишидан қатъи назар йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилиши керак. Лекин шаҳарнинг энг гавжум масканларида жойлашган ва йўловчиларга зарур шароитлар яратиш шарти билан тадбиркорга ноль қийматда ишониб топширилган масканлар фаолияти бугун кутилганидек эмас.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилган мазкур ишлар энг аввало, жамоат транспортининг оралиқ тўхташ бекатларида йўловчиларга замонавий шароитларни ҳозирлашга қаратилган эди. Афсуски, хайрли ташаббус тўлиқ амалга ошмади.
Бизни мақсадимиз кимнидир ёмонлаш эмас, балки хайрли ташаббус ижроси тўлиқ таъминланиши ҳамда унинг ечимига яна бир бор масъуллар эътиборини қаратишдир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА