Зулфияхоним издошлари
Президентимиз ташаббуси билан Марғилон шаҳрида ташкил этилган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби бугун ўз меваларини беришни бошлади. Мазкур мактабнинг 11-синф ўқувчиси Нилуфар Эргашева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Бундай рағбат ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги эзгу ишларнинг ифодаси бўлди, десак янглишмаймиз.
Болаликдаги орзуларнинг рўёби кўпроқ инсоннинг ҳаракатига боғлиқ. Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида туғилган Нилуфар доимо изланишда бўлиб, ижод ва илмга ҳавас билан улғайди. Унинг она, ватан, борлиқ ҳақида ёзган шеърлари барчани ўзига оҳангрободек тортарди. Шу боис мактаб, туман миқёсидаги тадбирларда албатта, фаол қатнашарди. Илк қалдирғочлардан бири сифатида 2018 йилда Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига қабул қилинди.
У мазкур маърифат масканига қадам қўйганида катта мақсадларни дилига тугди. Ахир Эркин Воҳидовлардек буюкларга муносиб издош бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Нилуфар адабиёт, шеъриятнинг сирларини қунт билан ўргана бошлади. Ўқишнинг дастлабки йилларидаёқ республика миқёсидаги “Эркин Воҳидов стипендияси” совриндори бўлди. Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Жаҳолатга қарши маърифат” танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни эгаллади. “Абдулла Орипов асарлари билимдони” республика радио танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, у 2021 йилда Президент таълим муассасалари агентлиги ва Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби томонидан ўтказилган “Митти юлдуз жилолари" танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади.
Нилуфар бўш вақт топди дегунча китоб мутолаа қилишни одатга айлантирган. “Ёш китобхон” республика танловининг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлиб, ўз иқтидорини намойиш этди. Ёш ижодкорнинг шеър ва мақолалари вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларида мунтазам чоп этилмоқда. Энг сара ижод намуналари “Ғунча ифори”, “Қўштепа илҳомлари”, “Сиз билган, билмаган Анвар Обиджон”, “Ижод гулдастаси” ҳамда “Бунда булбул китоб ўқийди” шеърий тўпламларида нашр қилинган. Ўтган йил ёш шоиранинг “Яшил сўз” номли китоби чоп этилди. Шу билан бирга Нилуфар Эргашева жамоат ишларида фаоллиги, ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Ёшлар ўртасида ўтказилаётган фестиваллар ва маданий-маърифий тадбирларда ўз дастурлари билан фаол қатнашиб келмоқда.
– Сўзнинг қудратини ҳеч нарса билан таърифлаб бўлмайди, – дейди Нилуфар. – Айниқса, шеърий мисраларда у қалбларни ҳайратга солади. Шеърият – бу ҳайрат. Эркин Воҳидов ижод мактабида ўқиётганимнинг ўзи менга катта масъулият юклайди. Зулфия номидаги давлат мукофоти эса ҳаётимда муҳим воқеа бўлди. Энди уларга муносиб бўлиш учун ҳам ҳаракат қилиш керак.
М.Сулаймонов,
ЎзА