Қуйи Чирчиқ тумани “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган Манзура Эргашева 1-гуруҳ ногиронлиги билан рўйхатга олинган. Соғлигини тиклаш мақсадида у йигирма йил давомида шифохоналарга мурожаат қилди. Бироқ тузалиш учун у бир лаҳза ҳам умидни йўқотмади.
Манзура табиатдан куч олди. Гуллар, ўсимликлар, олами унинг руҳий тасаллиси, ҳаётга қайтишга етаклади. Флора ва фаунага бўлган қизиқиш унинг қалбида янги ҳаётга умид уйғотди. Бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизимини ҳам Манзура каби қизларни ҳаётда ўз ўрнини топишда аҳамияти алоҳида бўлмоқда. Таъкидлаш лозимки, моддий кўмакдан ташқари, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятга мослашиш ва муносиб ўрин топишида мазкур тизим муҳим роль ўйнамоқда.

Манзура Эргашеванинг ҳаётида ҳам айнан шу тизим янги имкониятлар эшигини очди. Маҳаллада фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Наргиза Аҳмедова унинг ҳолати, қизиқиш ва қобилиятини чуқур ўрганди. Шундан сўнг, Манзурага ўз ҳунари орқали даромад топиш, бандлигини таъминлаш, ҳатто рўзғорига ҳисса қўшиш имконияти яратиб берилди. Мутахассислар кўмагида у ўз хонадонида кичик гулчилик дўкони ташкил қилди. Бу нафақат Манзура, балки маҳалладаги бошқа аёллар учун ҳам илҳом манбаига айланди.
Манзуранинг кундалик ҳаётида яна бир катта ютуқ ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим ёрдамида электрон аравача (электромеханик ногиронлик аравачаси) билан таъминлангани бўлди. Бу восита унинг янада эркинроқ ҳаракатланиши, жамоат ишларида фаол бўлиши, таълим муассасасига қатнаши ва дўконда иш олиб бориши учун катта қулайлик яратди. Бугунги кунда Манзура нафақат гулчилик билан, балки таълим соҳасида ҳам фаолият юритмоқда. У мазкур тумандаги Баркамол авлод мактабида болаларга ўз билим ва кўникмаларини ўргатиб келмоқда.

– Жамиятга керак эканимни ҳис қилиш мен учун беқиёс қувонч бўлди. Қизиққан соҳам билан шуғулланиб, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Авваллари чорасизликдан қийналардим. Бироқ, йиллар ўтгани сари ўз устимда ишлаб, яхши яшашга ҳаракат қилдим ва бунга эришяпман. Муҳими, мен ўз ишим билан жамиятга фойда келтирмоқдаман, – дейди Манзура Эргашева.
Демак, имконият берилса, ҳар бир инсон ўз ўрнини топа олади. “Шодлик” маҳалласидаги Наргиза Аҳмедова каби ижтимоий ходимларнинг фидойилик билан амалга ошираётган иши инсон тақдирини ўзгартириши, уни руҳан тиклаши ва жамиятга фаол аъзо сифатида қайтариши мумкинлигини яққол кўрсатмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.