Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони келгуси йилда 300 тага етказилади ва улар ичида ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн расмийлаштириш ҳам бор.
Мазкур марказлар ташкил этилганига эндигина беш йил бўлди. Тизим олдига қўйилган вазифалар қандай бажарилди? Бу ҳақда Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев билан суҳбатлашдик.
–Халқ билан мулоқотнинг муҳим институционал янгиликларидан бири – давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши бўлди, – дейди Х.Мелиев. – Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, тамойили асосида фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказлари халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилмоқда. Таъбир жоиз бўлса давлат хизматлари марказлари Янги Ўзбекистоннинг бюрократияга қарши марказлари ролини бажармоқда.
Ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқаро давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, тез, қулай осон хизматлардан фойдаланмоқда.
Ўтган беш йилда 42 миллионга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Бу давлат хизматлари ҳар бир оилага кириб келди, дегани. Бу ҳазилакам рақам эмас. Бу шунча марта фуқаролар тўғридан-тўғри давлат ташкилотларига мурожаат қилмади, маълум маънода коррупция омилининг, бюрократиянинг олди олинди, дегани.
2018–2022 йилларда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари қарийб 7 бараварга ортиб, 37 тадан 253 тага етказилди.
2022 йилда 78 давлат хизмати йўлга қўйилди. Президент фармони билан тасдиқланган мақсадли кўрсатгичларда жорий йил охиригача хизматлар сонини 172 дан 200 тага етказиш белгиланган эди. Демак, кўрсатгичлар 147 фоизга бажарилди. Мавжуд 771 давлат хизматидан 253 таси (32,8 фоизи) давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда.
176 замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди. 75 бино давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилгани натижасида ушбу марказлар қурилиши учун сарфланиши мумкин бўлган қарийб 500 миллиард сўмлик бюджет маблағи тежалди.
ДХМларда ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликлар яратилган бўлиб, кутиш заллари электрон навбат тизимлари, ахборот киоскалари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, саломатлик бурчаклари, мутолаа учун китоб жавонлари, болалар ўйин майдончалари, “Wi-Fi” ҳудудлар ҳамда буфетлар билан жиҳозланган.
Эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида сурдо таржимон хизмати ҳам йўлга қўйилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 218 нафар шундай фуқарога хизмат кўрсатилди.
Давлат хизматлари марказларидан 50-100 км. узоқ ҳудудларда 138 филиал ташкил этилиб, улар томонидан шу кунга қадар 168 мингга яқин хизмат кўрсатилди ва фуқаролар оворагарчилигининг олди олинди.
Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида сайёр давлат хизматлари ташкил этилмоқда. Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида
500 мингдан ортиқ шундай хизматлар кўрсатилди. Маҳаллаларга бориб, йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Сайёр хизматларни ташкил этиш учун махсус мослаштирилган автомашиналар харид қилинган, улар кўчма ДХМ вазифасини ўтайди. Улар барча замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.
– Давлат хизматлари марказларидаги “экстерриториал” тамойили қандай ишламоқда?
– 2019 йилдан Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматлар “экстерриториал” тамойили асосида кўрсатиш йўлга қўйилгани аҳолига катта қулайлик яратди.
Бунда давлат хизматларини кўрсатиш доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъи назар аҳоли ва тадбиркорларимиз исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Президентимиз томонидан бюрократияга қарши фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси бўйича 100 дан ортиқ хизмат тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 200 дан ортиқ бюрократик тартиб-таомил соддалаштирилди, натижада талаб этиладиган ҳужжатлар сони икки баробар қисқартирилди.
Аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотнома талаб қилиш бекор қилинди, ушбу ҳужжатларни «Электрон ҳукумат» платформаси орқали фақат электрон шаклда олиш йўлга қўйилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, йилига ўртача 20 миллиондан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олди олинди. Аҳолининг ташкилотларга бориб келиши билан боғлиқ 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалди.
Фуқаролардан давлат ташкилотлари талаб қилиши мумкин бўлмаган ҳужжатлар рўйхатида шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари кабилар ҳам бор.
2022 йилнинг 20 апрелдаги Президент фармони билан коммунал ташкилотларга 35 турдаги ҳужжатни аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилмасдан «Электрон ҳукумат» тизимидан олишга рухсат берилди. Бу билан яна 10 миллионлаб ёки ундан ортиқ аҳолининг коммунал хизматлардан фойдаланиш учун мурожаат қилгандаги ортиқча оворагарчилигига чек қўйилди.
– Соҳада 2022 йилда амалга оширилган энг муҳим янгилик қайси?
– 2022 йилда амалга оширилган муҳим янгиликлардан бири – бу шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялаш имконини берувчи Mobil-ID тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилгани бўлди.
Mobil-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, ушбу тизим аризачиларни мобил телефон рақами орқали идентификация қилиш имконини беради.
Бу тизим орқали интернет мавжуд бўлган исталган жойда давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин. Ҳозирга қадар тизимда 78 минг 400 дан ортиқ фуқаро рўйхатдан ўтказилди.
Фурсатдан фойдаланиб, айтиб ўтаманки, бу тизимда рўйхатдан ўтиш 1 январгача текин. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув дражасини ошириш” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилди.
Сабаби ушбу лойиҳа доирасида давлат хизматлари соҳаси жаддалик билан ривожланди. Хусусан, давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида “Лицензия” ахборот тизими яратилди, Ситуацион марказ ташкил этилди. Ахборот хавфсизлиги менежмент тизимини ISO/IEC 27001:2013 халқаро стандарти талаблари асосида жорий қилди, “Э-апостиль” апостиль тизими ишлаб чиқилиб жорий қилинди. “ФҲДЁ ягона электрон архиви” маълумотлари блокчейн технологияси асосида тўлиқ рақамлаштирилди.
Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида “PricewaterhouseCoopers” халқаро компаниялар тармоғи томонидан Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчилар ўртасида аноним сўров ўтказилган. Сўровнома натижасига кўра, фуқароларнинг 90 фоизи кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилиб, марказ ходимлари фаолиятини аъло баҳолашган.
– Келгусидаги режалар қандай?
– 2023 йилда Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сони 300 тага етказилади. Аҳолига анъанавий шаклда кўрсатиб келинаётган давлат хизматларини босқичма-босқич тўлиқ ДХМ ва ЯИДХП орқали жорий қилиш бўйича таклифлар берилади.
Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини ошириб бориш ва келгуси 5 йилда камида 60 фоизгача етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини фуқароларга онлайн шаклда масофадан туриб расмийлаштириш амалиётини йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз. “Лицензия” ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар тури жорий йилда 100 тага ҳамда кўрсатиладиган хизматлар сони 65 мингга етказилади.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритилганда “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали берилган маълумот асосида жами 4 та, яъни фуқаронинг идентификацияловчи ID-картаси, хорижга чиқиш биометрик паспорти, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ҳарбий гувоҳномасини қайта расмийлаштириш бўйича проактив давлат хизмати кўрсатиш тартиби йўлга қўйилади.
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида янги қабул қилинаётган ҳужжатлар бизнес жараёнларини реинжиниринг қилиш (BPR) усулларини қўллаган ҳолда 2023-2024 йилларда 53 хизмат соддалаштириб борилади.
Айрим хизматларни хусусий секторга ўказиш чоралари кўрилади. ДХМлар томонидан кўрсатилаётган 80 га яқин хизматни хусусий сектор томонидан кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрланган.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.