Ҳаво лайнери Фарғонадан Дубайга учди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўтган якшанба куни Фарғонадан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига биринчи марта тўғридан-тўғри самолёт парвоз қилди. Мазкур авиарейсни “Uzbekistan airways” АЖнинг тажрибали учувчиси Руслан Мустафоев командирлик қилган экипаж амалга оширди.
Бугунги кунда Фарғона халқаро аэропорти орқали ҳар ҳафтада 38 та авиақатнов амалга оширилаётган бўлса, унинг 30 таси халқаро рейслардир. Эндиликда Фарғона заминидан тўғридан-тўғри хорижга парвоз яна биттага кўпайди.
- Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос ҳамда Транспорт вазирликлари, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида туризм салоҳиятини янада юксалтириш бўйича бир нечта лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов. – Улардан бири Фарғонадан чет давлатларга тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйишдир. Мақсад мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, юртдошларимизнинг саёҳатга чиқишларига, ўз навбатида, хорижий сайёҳларнинг Фарғонага ташрифлари учун қулайликлар яратиш, туризм салоҳиятини ошириш орқали вилоят иқтисодиётининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишдан иборат.
[gallery-9371]
“Boeing 767” аэробуси парвоз олдидан биринчи йўловчиларни табриклаган Фарғона халқаро аэропорти директори Муродил Мадаминов “Шарқий” хабни ривожлантиришнинг учинчи босқичи сифатида мазкур авиарейснинг очилиши Фарғона водийси аҳолиси ва қўшни давлатлар фуқароларига катта қулайлик яратишини айтиб ўтди. Янги авиарейснинг йўлга қўйилиши қўшимча сервис хизматларини ишлаб чиқиш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
- Ўзим, турмуш ўртоғим ва қизим Умра амалини бажариш учун йўлга чиқдик, - дейди водиллик Набижон ота Мамажонов. – Тошкент ёки бошқа вилоятга бормай, Фарғонанинг ўзидан сафарга чиқиш бизга анча қулай бўлди. Бу ерда парвоз олдидан йўловчиларга, мусулмончилик фарзини адо этишга чоғланган зиёратчиларга барча шароитлар яратилган.
Янги йўналиш бўйича ҳар ҳафтанинг сешанба ва якшанба кунлари Фарғонадан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига учиш мумкин.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА