Хавфсизлик маданияти долзарб масала
Шеробод туманида Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар йиғини раислари учун фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга бағишланган семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими раҳбари О.Останақулов, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, подполковник О.Аманов мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинида тинч, обод турмушни таъминлаш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Президентимизнинг 2025 йил 20 октябрдаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар оқибатларини бартараф этишга қаратилган самарали давлат тизими шакллантирилди. Соҳа фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий асос яратилди. Табиий, техноген ҳамда экологик тусдаги хавф-хатарлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларни олдиндан баҳолаш, кузатиш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи ихтисослашган муассасалар фаолият юритмоқда. Шунингдек, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг замонавий тизими жорий этилиб, зилзилалар, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, экзоген геологик жараёнлар ҳамда техноген авария ва ҳалокатлар эҳтимолини комплекс таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш хавфини барвақт аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда аҳоли хонадонларида хавфсизлик маданиятига риоя этмасдан носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланишнинг оқибатлари, маҳаллаларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш хусусида ҳам фикр алмашилди.
Фавқулодда вазиятлар, яъни зилзила, ёнғин ва бошқаларда ваҳимага тушмасдан, тезкор ва аниқ ҳаракат қилиш, дарҳол хавфсиз жойни эгаллаш, фавқулодда вазият тугагач бинодан эвакуация қилиш ва жабрланганларга ёрдам бериш каби ҳолатлар бўйича тавсиялар билдирилди.

Тадбир доирасида семинар ташкилотчилари маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, маҳалла раислари ҳамда аҳолига Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти томонидан зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича тайёрланган қўлланмаларни тарқатди. Шунингдек, эшитишида нуқсони бўлган фуқаролар учун сурдо таржимон иштирокида яратилган видеоқўлланмалар ҳам тақдим этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири