Хавфсиз йўллар – ҳар бир бола учун
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги якунлари ва 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Хавфсиз йўллар – ҳар бир бола учун» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, "Zamin" халқаро жамоат фонди ва ЮНИСEФ ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисалари 5-19 ёшдагилар ўлимининг энг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.
Дунё бўйлаб йўл ҳаракати ҳодисалари сабабли ҳар куни 3000 нафар бола ва ёшлар ҳалок бўлади ёки оғир тан жароҳати олади. Йўл-транспорт ҳодисалари сабаб бўлган ўлимларнинг ярмидан кўпи пиёдалар, велосипедчилар ва мототциклчиларга тўғри келади ва буларнинг олдини олиш мумкин эди. Далиллар шуни кўрсатадики, болалар ва ёшлар ўзлари яшайдиган, ўйнайдиган ва мактабга борадиган кўчаларда кўпроқ хавф остида бўлади.
Ўзбекистонда 2020 йилда болалар иштирокида 1 минг 139 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган бўлса, жорий йилнинг тўрт ойида 243 та шу каби ҳолат қайд этилган. Натижада 1 минг 143 нафар бола турли даражадаги тан жароҳати олиб, 285 нафари вафот этган.
– Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилар эканмиз, умумтаълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари ҳақида тўлиқ дарслик йўқлиги ва борларида ҳам номутахассис ўқитувчи дарс ўтаётганини кузатдик, – дейди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Саидов. – Шу боисдан ҳукуматга барча умумтаълим мактабларига йўл ҳаракати қоидалари дарслигини жорий этиш ва мутахассис бўлган ходимни унга бириктириш таклифи билан чиқдик. Яна бир маълумот, яқинда 7 минг 500 нафар ёшлар иштирокида сўровнома ўтказилди. Бунинг натижалари Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқ жойларида болаларнинг йўллардаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича жуда кўп ишлар қилиниши зарурлигини кўрсатди. Аксарият респондентлар – 75 фоизнинг фикрига кўра мактаб ўқувчилари мактабга асосан пиёда боради. Респондентларнинг ярми – 51 фоизи мактабга олиб борувчи йўллар хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини айтган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич юқорироқ бўлиб, 60 фоизни ташкил этади.
О.Саидовнинг қўшимча қилишича, респондентларнинг 37 фоизигина дарсликлар билан бир қаторда ўзлари таълим олаётган мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўқув материаллари ва кўргазмали воситалардан фойдаланиш имконига эга эканлигини тасдиқлаган. Улар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутахассисларини дарсларга таклиф қилиш, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, пиёдалар ва велосипедчилар учун махсус йўлакчаларни ташкил этиш, мактаблар яқинидаги йўлларда автомашиналарнинг ҳаракатланиш тезлигини соатига 30 километргача чеклаш каби чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилган.
– Ҳар бир бола хавфсиз йўллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва ҳар бир бола мактабга хавфсиз етиб боришига ишончи комил бўлиши керак, - деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Барчамиз – ҳокимият ва ҳамжамиятлар, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар, ота-оналар, шунингдек, болаларнинг ўзи ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳамда болаларни йўллардаги жароҳатлар ва ўлимдан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутамиз. Бу бизнинг коллектив масъулиятимиздир.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА