Хавфсиз ва экологик тоза келажак сари
Бугунги кунда ҳар бир соҳада инновацион ёндашув ва замонавий технологияларни жорий этиш тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, энергетика ва газ таъминоти тизимида хавфсизликни таъминлаш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда экологик муаммоларга ечим топиш йўлида ёшларнинг ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” филиалида стартапчи ёшлар билан очиқ мулоқот ва инновацион ғоялар тақдимоти ташкил этилди.
Унда иқтидорли ёшлар томонидан соҳага оид қатор замонавий ишланмалар намойиш қилинди. Хусусан, газ қувурларида юзага келиши мумкин бўлган газ сизиб чиқиш ҳолатларини эрта аниқлаш ва тезкор чора кўришга хизмат қилувчи инновацион қурилмалар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур лойиҳалар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда газ таъминоти тизими самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, тадбирда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияни яхшилашга доир стартаплар ҳам кенг муҳокама қилинди. Жумладан, ҳавони тозалаш хусусиятига эга хлорелла капсулалари, куз фаслида тўпланадиган хазон баргларидан экологик тоза қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби ташаббуслар нафақат экологик муаммоларни камайтириш, балки чиқиндилардан самарали фойдаланиш орқали “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбирда “Ҳудудгаз Бухоро” филиали директори Ўткир Файзиев ҳар қандай янги ташаббус ва инновацион ғоянинг газ тизимидаги ўрни муҳим эканини таъкидлаб, уларни амалга татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.

— Газ таъминоти филиалида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда, — дейди филиалнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳусен Бақоев. — Бугунги учрашувда ёшлар томонидан таклиф этилган соҳага оид қатор янгиликлар таҳлил қилиниб, амалий таклифлар берилди. Асосий мақсад таъминот тизимига рақамлаштириш технологияларини кенг жорий этиш орқали аҳолига газни хавфсиз ва барқарор етказиб беришдан иборатдир.
Бундай учрашувлар ёшларнинг илмий ва инновацион салоҳиятини юзага чиқариш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ҳамда соҳада замонавий технологияларни кенг татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.