Юртимизда ҳар йили “Ҳунарманд” уюшмаси ва Бадиий академия билан ҳамкорликда Республика хаттотлик ҳамда миниатюра асарлари кўргазмаси ташкил этилади. Бу йил ҳам анъанага кўра, “Соҳир қалам мўъжизаси” номли III республика хаттотлик ва миниатюра кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.
“Ҳунарманд” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Азиз Муртазоев ушбу кўргазманинг мақсад ва вазифалари, хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берди.

– “Соҳир қалам мўъжизаси” номли III республика хаттотлик ва миниатюра кўргазмаси шу йўналишда ижод қилаётган ижодкорларнинг ишларини кенг тарғиб қилиш, уларни халқимизга таништириш, ижодларини қўллаб-қуватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Кўргазма доирасида “Хаттотлик санъатининг миллий ҳунармандчиликдаги ифодаси” мавзуида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади.
Кўргазманинг очилиш маросимида республикамизнинг барча ҳудудларидан элликдан ортиқ хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг ижодий ишлари намойиш этилади. Илмий-амалий конференцияда эса Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Бадиий академия, Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси, Турон фанлар академияси, Хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан вакиллар, халқ усталари, “Ҳунарманд” уюшмаси фахрийлари, санъатшунослар, хаттотлар, ҳунармандлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этиши кўзда тутилган.

Арабчада ҳуснихат, ёзувчи деган маъноларни англатувчи бу санъат тури араб ёзувининг кенг тарқалиши туфайли жадал ривожланган. Мустақиллик йилларига келиб китобат санъати бир гуруҳ хаттотларимиз томонидан қайта тикланди. Хаттотлик ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади.
Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган. Мамлакатимизда азалдан хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида кенг фойдаланилган. Масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворларига хаттотлик услубларида Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан ёзилган битиклар бор.
Ушбу кўргазмани ташкил этишдан мақсад юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида маълумот бериш, тарғиб қилиш, ёшларни ҳунарга ўргатишдан иборатдир.
Г.Бобоева, ЎзА