Маълумки, 2024 йилнинг 5 август куни Президентимиз томонидан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди ва жамоатчилик эътиборига тақдим этилди.
Мазкур ҳужжатда аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган уй-жой ва ерга доир масалалари ижобий ечим топиши кўзда тутилган. Хусусан, Қонунда назарда тутилган асосларда ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади. Ўз навбатида ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.
– Мазкур Қонун ўтган йилнинг 8 ноябрь кунидан расман кучга кирди ва айнан шу вақтдан эътиборан вилоятдаги мавжуд 1028 маҳаллада режа-жадвал асосида хатловдан ўтказиш ишлари бошланди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров. – Хатлов ишларига тизимдаги жами 206 нафар мутахассис жалб қилинди. Бугунги кунгача жойлардаги жами 16 минг 912 та объект хатловдан ўтказилди. Шундан 5 минг 948 таси (5 минг 783 та турар ва 165 та нотурар) маълумотлари “Эътироф” электрон ахборот дастурига киритилди. Эндиликда мазкур объектларга тегишли ташкилотлар томонидан хулосалар берилиб, жамоатчиликка эълон қилинади.

Таъкидлаш жоизки, хатлов натижалари бўйича ҳар бир объект тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилиб, 20 дан зиёд вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилади. Жамоатчиликка эълон қилинган объектлар кадастр расмий сайтида ва вилоятнинг ижтимоий тармоқдаги манзилларида ёритиб борилади. Шунингдек, “Эътироф” дастури ҳам аҳоли учун очиқ бўлиб, фуқаролар ўзларига тегишли бўлган объект тўғрисидаги маълумотларни кўришлари мумкин бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йил режа-жадвалига тушмаган айрим маҳаллалар аҳолиси ортиқча ваҳимага берилмасликни тавсия қилмоқда. Сабаби Қонуннинг ижро муддати 3 йил бўлиб, шу муддат давомида ҳар бир жой хатловдан ўтказилади. Шу жараёнда аҳолидан ҳам хатлов жараёнларида фаол бўлишлари, кадастр муҳандисларга ўлчовларни амалга ошириши учун зарурий шароитларни яратиб беришлари тавсия этилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА