Хатирчида 369 тонна пилла ҳосилини олиш кўзда тутилган
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Иқболжон Эргашев Навоий вилоятининг Хатирчи туманида бўлиб, туман ҳокими Умиджон Адизов ҳамроҳлигида «Хатирчи пилла хазинаси» корхонасида пилла ҳосилини қабул қилиш жараёнлари ва яратилган шароитлар билан танишди.
Маълумки, жорий йилда Хатирчи туманидаги 18 та инкубаторияда қурт уруғлари белгиланган меъёр асосида жонлантирилди. Туманда 6 минг 256 қути ипак қурти парваришланиб, 369 тонна пилла ҳосилини олиш кўзда тутилган.

Жараёнда мутасаддилар бир гуруҳ илғорларни рағбатлантирди. Шунингдек, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раис Иқболжон Эргашев Мустақиллик маҳалласи ҳудудидаги кичик саноат зонаси ҳудудидаги пиллани қабул қилиш, қуритиш, ипак ва ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи қурилиш таклиф лойиҳаси билан танишди ва ўз таклифларини берди.


Бу йил пиллачилик мавсумига 725 нафар касаначи ҳамда мингдан ортиқ қурт боқувчилар жалб этилди. Уларга ҳар килограмм пилла ҳосили учун 40 минг сўмдан пул маблағлари берилади. 30 кунлик иш куни бир йиллик меҳнат стажи деб ҳисобланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА