Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳашар – юртга гўзаллик ва файз бағишлайди

Озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам ва файзли бўлишига замин яратади. Шу мақсадда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори остида 13–14 март кунлари республикамиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам юқори кўтаринкилик билан ташкил этилди.

Хайрия ҳашарининг биринчи кунида 1 минг 300 нафардан ортиқ ташкилот ва корхона ходимлари, 560 нафардан зиёд фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда 8 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли фаол иштирок этишди. Улар бир тану бир жон бўлиб, маҳалла ва кўчаларни янада обод ва кўркам қилишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Тадбир давомида ҳудудларни ободонлаштириш, кўчалар ва маҳаллаларни чиқиндилардан тозалаш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, қабристонларда тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар жараёнида 47 тонна турли хил чиқинди олиб чиқилди, 6,5 километр ариқлар тозаланди. Шунингдек, туман ҳудудидаги барча қабристонларда тартибга келтириш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу ишларга 22 та махсус техника жалб этилгани ҳашар самарадорлигини янада оширди.

Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жами 5 минг 700 тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, экологик муҳитни яхшилаш, табиатни асраш ва келажак авлодга яшил макон қолдириш йўлида амалий ишлар қилинди.

– Наврўз арафасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари халқимизнинг асрлар давомида шаклланган эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган муҳим ижтимоий тадбирдир. Бундай ҳашарлар орқали маҳаллаларимиз ободонлаштирилиб, кўчаларимиз ва аҳоли яшаш масканлари янада файзли ва кўркам қиёфа касб этмоқда. Энг муҳими, бу жараён аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, ёшларда меҳнатсеварлик ва юртга дахлдорлик туйғусини янада кучайтиради.

Сайхунобод туманида ҳам умумхалқ хайрия ҳашари юқори уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтмоқда. Унда ташкилот ва корхоналар ходимлари, фермерлар, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишмоқда. Бу эса халқимизнинг юрт ободлигига бефарқ эмаслигини, ўз ҳудудининг равнақи учун бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишга тайёр эканини яна бир бор намоён этмоқда.

Шубҳасиз, бундай эзгу ишлар маҳаллаларда тозалик ва озодаликни таъминлаш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда юртимизни янада обод ва файзли масканга айлантиришга хизмат қилади, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов.

Турон маҳалласида истиқомат қилувчи Турсунбой бобо Орипов ҳам ҳашарда фаол иштирок этди.

– Бу анъана инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Биз, кексалар ҳам ёшлар қаторида ҳашарда иштирок этиб, билганларимизни уларга ўргатишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, бундай ишлар йил давомида давом этса, яшаб турган хонадонларимиз, кўчаларимиз ва маҳаллаларимиз янада файзли масканга айланади, – дейди отахон.

Эътиборли жиҳати шундаки, саксон ёшга яқинлашиб қолганига қарамай, Турсунбой бобо ҳали ҳам йигитлардай ғайрат билан меҳнат қилмоқда. У деҳқончилик, айниқса, узумнинг “Ризамат”, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ” каби навларини етиштириш ва юқори ҳосил олиш бўйича катта тажрибага эга.

Бундан икки йил муқаддам Президентимиз Сайхунобод туманига ташриф буюрганида бобонинг узоқ йиллик меҳнати ва деҳқончиликдаги ютуқларини эътироф этиб, унга “Tracker” автомобилини совға қилган эди. Бу эътироф бобога янада катта куч ва руҳий рағбат бағишлади.

Бугунги кунда у ўз хонадонида узумчилик мактабини ташкил этиб, боғдорчиликка қизиққан ёшларга ўз тажрибасини ўргатиб келмоқда. Бугунги ҳашар давомида ҳам Турсунбой бобо ёшлар билан елкама-елка туриб меҳнат қилди.

Шубҳасиз, бундай умумхалқ ҳашарлари маҳаллаларда тозалик ва озодаликни таъминлаш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сайхунободликлар ушбу эзгу анъанани давом эттириб, ўз ҳудудларини янада обод, файзли ва гўзал масканга айлантириш йўлида фаол саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА