Мисқоллаб йиғилган маблағ, ботмонлаб сарфланади. «Пул топиб, ақл топмаган», деган нақл ҳам шунга мос равишда айтилган.
Маблағни бошқариш, топиш ва сарфлаш ўртасидаги мувозанат тўғри олиб борилса, мақсадли ва режали бўлиши, энг муҳими,бугун қилаётган харажатимиз эртага икки ҳисса фойда келтириши керак. Аксарият одамларда бундай кўникма мавжуд эмас. Режалаштириш йўқ.
Кейинги пайтларда ҳокимликлар, давлат ташкилотларида янги русумдаги автомобилларни сотиб олиш «мусобақа»си бошланиб кетгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қайсидир ташкилот шунча миллиардни сарфлаб шунча машина олибди, бу ҳоким мана бу машинани сотиб олибди, каби муносабатлар кўпайди. Афсуски, халқимиз, яъни солиқ тўловчиларнинг ҳақли саволларига асосли жавоб, холис муносабат билдирилмаяпти.
Шу жойда бир мулоҳаза. Майли, оддий одам ўзининг оиласи бюджетини нотўғри сарф-харажат туфайли танг аҳволга солиб қўяётгандир. Ташкилот ва идоралар-чи?.. Шу ўринда табиий савол туғилади, ташкилотлар ва идоралар қайси маблағларни бунчалик сарфлашмоқда?..
Саволлар кўп, жавоб эса тежалган ёки орттирилган маблағ, машинага зарурат борлиги билан изоҳланмоқда. Ахир қайси маблағ тежалди? Машина олинган маблағ Давлат бюджети, маҳаллий бюджет маблағлари-ку!.. У давлат бюджетими ёки маҳаллий бюджетми, барибир, умумий тартибда кирим бўлган бюджет маблағлари. Давлат хизматчилари томонидан амалга оширилаётган харажатларнинг барчаси бюджет маблағлари. Бу каби мақсадсиз харажатлар йиғилиб-йиғилиб, ижтимоий тангликка олиб келиш эҳтимоли юқори.
Оддий оила бошлиғи топган пулини шахсий орзу-ҳавасларига сарфлаши мумкин, бу унинг ҳуқуқи. Лекин давлат хизматчиси шахсий истаклари учун бюджет пулини сарфлашга ҳам ҳуқуқий жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан ҳаққи йўқ. Давлат хизматчиси шу оддий нарсани тушунмас экан, у ўзига юклатилган бошқа вазифаларни ҳам виждонан бажаришига катта шубҳа пайдо бўлади. Дунёқараши тор, маънан қашшоқ мутасаддилар билан Янги Ўзбекистонни қуриб бўлмайди.
Агар давлат мулозими дабдаба ва ҳашамга ўч бўлмасдан, онгли равишда тафаккур қилиб, ноўрин сарфлаётган маблағларини келажак учун инвестиция қилганида, бу нафақат халқимизга, балки келажагимизга ҳам фойдали бўлар эди. Ахир ҳудудлардаги мактабларнинг қанчаси таъмирталаб, қанчаси қай аҳволда? Ишсиз аҳоли сони кўп. Коммунал хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмас. Ички йўлларни гапиришнинг ҳожати йўқ. Мана, маҳаллий бюджет биринчи навбатда қаерга сарфланиши керак.
Ақлимиз унча ҳисоб-китобга етмаса-да, зарурат деган ниқоб остида энг қиммат янги русумдаги автомобилни сотиб олишга сарфланган маблағни тахминан ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик.
Мисол учун, бир ташкилот 1,5 млрд. сўмга янги автомашиналарни харид қилган. Ушбу автомобилларнинг ичида 795 миллион сўмлик 1 дона “Tahoe” автомобили ҳам бор. Хўш, бу шу ташкилотнинг иши юришиб, фаолиятида сезиларли ўзгариш бўлишига олиб келадими? Албатта, йўқ. Фақатгина дабдаба ва ҳашамат белгиси холос.
Майли, зарурат экан, бугун энг қиммат Ласетти 138 126 000 сўмни ташкил қилади, шуни олса ҳам бўлади-ку!.. Қолган пулнинг ўзига ҳам 3 та бизнес акселератор ташкил қилиш мумкин.
Дарвоқе, мана, яқинда Бухорода худди шундай бизнес акселератор 260 миллион сўм маблағ эвазига ташкил қилинди. Бу бир вақтнинг ўзида 40 нафар тингловчини тадбиркорликка ўқитиш имконини беради. Ахир бу келажак учун энг яхши инвестиция эмасми?.. Наҳотки, давлат хизматчилари бу оддий ҳақиқатни англаб етишмаса?..
Бу бир кичкина мисол, холос. Бундай мисоллар жуда кўплаб. Балки бу мисоллар кимгадир кулгили туюлар. Бироқ ҳар қандай қарорнинг ёки режанинг келгуси оқибатига эътибор қаратиш керак.
Биргина жорий йилнинг 9 ойи мобайнида маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,2 трлн. сўм маблағ қолди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга республикага тушадиган солиқлар ҳисобидан 427,5 млрд. сўм маблағ ўтказиб берилди. Бу имкониятлардан мулозимларимиз оқилона фойдалана оляптими?..
Сўнгги 2 йилда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 8,5 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилишлари аниқланган. Республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Бунинг оқибатида етказилган зарар 2 трлн. сўмдан ошган. Биргина жорий йилнинг 9 ойида 3132 та назорат тадбирларида 129,1 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилишлар аниқланган.
Ахир маблағлар шу тартибда ишлатиб юбораверилса, халқ қачон фаровон ҳаёт кечиради?.. Қачон ривожланиш бўлади?..
Шуни қатъий айтамизки, бу каби ҳолатларга кўз юмиб бўлмайди. Дабдаба ва ҳашамга берилган мулозимларни давлат хизматидан четлатиш, бунинг учун керакли меъёрларни белгилаш зарур. Токи, бу бошқаларга аччиқ ва таъсирчан сабоқ бўлсин.
Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими