Ҳасанбой ва Ботирда ғалаба, Фазлиддин эса енгилди
Россиянинг Сочи шаҳрида жойлашган “Ред Арена” мажмуасида катта профессионал бокс оқшоми ўтказилди.
Кечанинг марказий жанги биринчи ўрта вазнда ўтказилди. Унда Фазлиддин Ғоибзанаров (11-2-0) ҳамда WBA йўналишида собиқ жаҳон чемпиони, россиялик Ражаб Бутаев (15-1-0) ўзаро рақобатлашди.
Ўн раунд этиб белгиланган жангнинг тўртинчи раундида Фазлиддин техник нокаутга учраб жангни давом эттира олмади. Шу тариқа Ражаб Бутаев навбатдаги ғалабасини нишонлади.

Шунингдек, Ҳасанбой Дўсматов (6-0-0) ва ЖАР вакили Сифамандла Балени (21-6-2) ўртасидаги жанг 10 раунд давом этди. Унда Ҳасанбой ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонди.
Ярим ўрта вазнда икки ўзбекистонлик боксчи – Ботир Аҳмедов (10-3-0) ва Муҳаммадсалим Сотволдиев (7-8-2) куч синашди. 8 раунд этиб белгиланган жангнинг 3-раундида М.Сотволдиев жароҳат сабаб жангни давом эттира олмади ва мағлубиятини тан олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА