Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтаётган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида 51 килограммгача бўлган вазн тоифасида ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов олтин медални қўлга киритди.
Бу натижа эса ўзбек бокси тарихида янги саҳифа очди. Аниқроғи, шу кунга қадар ҳали бирор бир ўзбек боксчиси Олимпия ўйинларида иккита олтин медални қўлга киритмаган эди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг самарасида Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби бокс ҳам жадал ривожланаётир. Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини ва кам бўлмасликларини исботламоқда.

Ана шундай боксчилардан бири Ҳасанбой Дўсматовдир. Ўзбекистоннинг енгил вазндаги иқтидорли чарм қўлқоп усталари орасида улкан марраларни забт этиб келаётган Ҳасанбой Дўсматов 1993 йилнинг 24 июнь куни Андижон вилоятида таваллуд топган. У боксчилик фаолиятини 11 ёшида, Андижондаги бокс мактабида бошлаган.

У 2011 йилда ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида олтин медални қўлга киритди ва Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзосига айланди. У шундан сўнг Кулибаев хотира турнирида кумуш, Сидней Жэксон хотира турнирида бронза медалини қўлга киритди. Кейинчалик Украина ва Россиядаги турнирлар ғолибига айланганида бор-йўғи 19 ёшда эди.
2013 йилда Қозон шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Универсиадада ғолиб чиқди. Ўша турнирда у Озарбайжон, Тожикистон, Мўғулистон ва Жанубий Кореядан ташриф буюрган кучли спортчиларни мағлубиятга учратди.
2015 йилда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳридаги Осиё чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди.
Ҳ.Дўсматов Ўзбекистон тарихида Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Олимпиада чемпионига айланган иккинчи боксчи ҳисобланади. XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан "Йилнинг энг яхши боксчиси" сифатида эътироф этилди ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан тақдирланди.
Чарм қўлқоп устамиз 2017-2023 йилларга қадар ўтказилган жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар, Осиё ўйинлари ва нуфузли мусобақаларда бир неча бор шоҳсупага кўтарилди. Ўз вазнида энг маҳоратли боксчи сифатида эътироф этилди. Шунингдек, у мазкур вақт мобайни профессионал рингда ҳам жанглар ўтказиб, муваффақиятга эришди.
Ҳасанбой Дўсматов Олимпия ўйинларининг бокс беллашувларида вазни 51 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида дастлаб Хуанма Лопес де Хесусни (Пуэрто-Рико), чорак финалда Сакен Бибоссиновни (Қозоғистон), ярим финалда Даниэл Давид Варела де Пинани (Кабо-Верде) таслим қилди.
Сўнгги ҳал қилувчи финал жангида Ҳасанбой Дўсматов франциялик Биллал Беннамага қарши рингга кўтарилиб, муваффақиятга эришди. Бу натижа эса боксчимизга олтин медални тақдим этди.
Бу медаль Ҳасанбой Дўсматов учун фаолиятида Олимпия ўйинларидаги иккинчи олтиндир. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ҳасанбойнинг бу эришган натижасини ҳали бирор бир ўзбек боксчиси амалга ошира олмаган. Ўзбек боксчилари ўртасида Олимпия ўйинларида икки карра чемпион бўлган илк боксчига айланди.
Ҳа, бугун Ҳасанбой Дўсматов, Улуғбек Рашитов ва Диёра Келдиёрова каби янги Ўзбекистонга янги тарихий ғалабалар келтираётган спортчиларимиз сафи кенгаймоқда.
Уларнинг бу натижалари Президентимизнинг спортчиларга яратиб бераётган кенг имкониятлари самарасидир.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА