Харидорлар учун имтиёз
Республика бўйлаб фуқароларнинг амалга оширган харидлари ва уларга кўрсатилган хизматлар учун сарфлаган пул маблағининг 1 фоизи уларнинг банк ҳисоб картасига қайтариб ўтказилмоқда.
Чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрисали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи Республика бюджетидан қайтарилмоқда.


– Автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, харид чеклари бундан мустасно, – дейди Когон шаҳар ДСИ бошлиғи ўринбосари Санжар Хусенов. – Харидорларимиз учун яратилган ушбу имтиёзни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан бозорлар, савдо комплексларида, аҳоли гавжум жойларда тарқатма материаллар орқали тарғибот тадбирларини амалга оширяпмиз.
Бундан ташқари, сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида «Солиқ ҳамкор» дастури орқали солиқ органларига хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши тўғрисида тадбиркорлик вакилларига тушунтиришлар берилмоқда. Айни кунларда бу каби тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА