Харибулоқ қишлоғига ичимлик суви келди
ЎзА танқидидан сўнг
Аҳолининг мурожаатига асосан 2024 йилнинг ноябрь ойида ЎзА сайтида “Олис қишлоқнинг ичимлик суви муаммоси ҳал бўладими?” сарлавҳали танқидий мақола бергандик.
Унда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Харибулоқ қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси, 4-5 километр олис масофадаги булоқлардан машаққат билан ташиб келинаётган сув, қишлоқдаги суви камайиб қолган ягона қудуқ ва ҳоказолар ҳақида ҳикоя қилгандик.
Ушбу муаммо юзасидан масъулларнинг фикрлари ҳам олинганди. Унга кўра, ўша йилнинг охирига қадар қўшни Калта қишлоғи тепасидаги Оқбулоқдан сув тортиб келиши айтилганди.
Сув тортиб келиш учун махсус техникаларнинг ишлаётгани, траншеяларнинг қазилаётгани, пластмасса қувурларнинг келтирилгани ҳар ҳолда масъулларнинг ваъдасини оқлагандай бўлганди ўшанда. Лекин, афсуски, сув қувурининг тортиб келиниши ортга сурилиб кетди.
Ниҳоят масъулларнинг ваъдаси орадан қарийб бир йилга яқин вақт ўтиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида амалга ошибди. Харибулоққа сув келтирилибди.
Аҳолининг қувончига шерик бўлиш мақсадида биз ҳам манзилда бўлдик. Туман марказидан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган Харибулоқ қишлоғи аҳолисининг асосий даромади чорвачиликдан. Ҳудудда нафақат ичимлик суви, балки оқова сув ҳам муаммо. Тоғли ҳудуд бўлишига қарамай, экинлар лалми етиштирилади. Шу кунгача одамларни қийнаб келаётган асосий муаммолардан бири ичимлик суви бўлиб келган.
Қишлоқ марказигача тортиб келинган қувурдан шариллаб сув оқиб турибди. Қишлоқ аёллари яратилган қулайликдан мамнун ҳолда идишларини сувга тўлдириб кетмоқда.
– Инсоният ҳар қандай муаммога чидаши мумкин, лекин сувсизликка чидай олмайди, – дейди харибулоқлик Робиза Аловхонова. – Айниқса, рўзғор ишларида аёлларимиз жуда қийналишарди. 4-5 километр масофадаги чашмалардан фарзандларимиз 2-3 соатлаб эшакда сув ташиб келарди. Оиласида сув ташийдиган болалар йўқ хонадонлар, ёлғиз яшайдиган кексалар бор, сув муаммосидан жуда азият чекардик. Мана, ниҳоят ичимлик суви келди. Бундан биз хотин-қизлар жуда хурсандмиз.
Сув келтирган савоб, дейдилар. Энди олис масофага сув олиб келиш учун қатнашнинг ҳожати йўқ. Қишлоқнинг қайси бир фуқароси билан гаплашмайлик, шукроналик келтиради. Муаммоси ечилганидан хурсанд эканини изҳор қилади.
– Маҳалламизда 8 та қишлоқ бор ва унда 5 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди “Дуоб” МФЙ раиси Худойберди Алиқулов. – Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларга мос равишда ҳозирги кунда 5 та қишлоғимизда сув муаммосига барҳам берилди. Шундан учтасига: Харибулоқ, Дуоб ва Қизилмазор қишлоқларига шу йилнинг ўзида ичимлик суви қувури тортиб борилди. Жумладан, Харибулоқ қишлоғи аҳолиси ҳам ичимлик суви масаласида қийналиб келарди. Сув келтирилди. Аҳолимиз жуда мамнун. Ҳозирги кунда Дикмарон қишлоғида ҳам худди шундай муаммо бор. Келгусида у ерга ҳам ичимлик суви тортиб бориш режа қилинган.
Аслида собиқ тузум даврида қўшни тоғ этагида жойлашган Калта қишлоғи атрофида жойлашган булоқлардан металл қувур орқали қишлоққа сув келтирилган. Аммо йиллар ўтиб, у қишлоқларда ҳам аҳолининг кўпайиши ҳисобига булоқ сувлари қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш мақсадида ҳам фойдаланила бошлангач, Харибулоққа сув келиши қийинлаша бошлаган. Баъзан икки қишлоқ одамлари ўртасида сув масаласида тортишувлар ҳам юзага келган. Охири металл қувурлар кавлаб олиб ташланган.
Қишлоқ ўртасида жойлашган ягона қудуқ ичимлик суви манбаи сифатида қолган. Аммо кейинги йилларда қудуқнинг суви ҳам камайиб кетган. Бундан ташқари, унинг суви ичимлик учун ярамай қолган эди.
[gallery-25312]
– “Дуоб” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Харибулоқ қишлоғи аҳолиси ҳақиқатдан ҳам бир неча йиллардан буён ичимлик суви масаласида қийналиб келарди, – дейди “Қашқадарё сув таъминот” АЖ Деҳқонобод туман филиали раҳбари Суюн Алланазаров. – Туман ҳокимининг ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, 2 километр 100 диаметрлик қувур, 2 километр 50 диаметрлик қувур харид қилиниб, “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ махсус техникаларидан фойдаланиб, траншиялар қазиш ва қувурларни кўмиш ишлари бажарилиб, 8 километр узоқликдаги Оқбулоқдан Харибулоқ қишлоғига ичимлик суви тортиб келинди. Аслида ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам бу қишлоққа ичимлик суви линияси тортилган эди. Йиллар ўтиб қувурлар эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Шу боис 4 километр қисмига эски қувурлардан, қолган 4 километрига янги қувурлардан тортилди. Аҳоли бундан жуда мамнун. Бу ишлар босқичма-босқич давом эттирилиб, кейинги қишлоқларга ҳам қувур тортилиши мақсад қилинган.
Сув бор жойда ҳаёт қайнайди. Атроф яшилликка бурканади. Муздек зилол сувдан чанқоғингизни қондирар экансиз, умидбахш хаёллар кеча бошлайди онгингиздан. Шу ўринда яна бир гап. Сув келди. Муаммолар ечилди, аммо ундан тежаб-тергаб, унумли фойдаланиш эса яна ўзимизга боғлиқ.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ZNnmdROdhak?si=jBV0830CrKsIlbZa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА