Тошкент туманида ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда фаолият юритаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларига мўлжалланган кўп қаватли хизмат уйлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда туман ҳокими С.Эргашев, ДХХ чегара қўшинлари раҳбарияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фахрийлар, туман фаоллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзолари ва қурувчилар қатнашди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг оилаларига қулайлик яратиш, фарзандлари камол топиши учун қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Кўп қаватли уйларни бунёд этишда жонбозлик кўрсатган қурувчиларга миннатдорлик билдирилди. Фахрий меҳмонлар ва нуронийлар томонидан хизмат уйлари биносининг рамзий ленталари кесилиб, хизмат хонадонларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
– Бугун биз учун қувончли кунлардан бири бўлди. Уч нафар фарзандимиз бор. Авваллари ижарада яшардик. Бу ўзига яраша ноқулайликларни ҳам келтириб чиқарган. Энди бизга ҳам шинам уч хонали хизмат уйи берилди. Бундан жуда хурсандмиз ва ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, – дейди 2-даражали сержант Ҳусан Омонов.
А.Мусаев, ЎзА