Ҳарбийларга сайёр хизматлар кўрсатилди
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида сайёр қабул ўтказилди.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Чирчиқ ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган қабулга шу тизимда ишлаётган ҳарбий хизматчилар таклиф этилди. Сайёр қабулда Савдо-саноат палатаси, “Саноатқурилишбанк” ҳамда Чирчиқ шаҳар ДХМ мутассадилари ҳам қатнашди.

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳарбийларга Давлат хизматлари агентлиги фаолияти, тизимдаги янгиликлар, соҳага оид янги қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.
— Мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти, — дейди Чирчиқ Олий танк қўмондонлик билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Бахтиёр Пардаев. — Биз ҳарбий хизматчиларнинг асосий вақти ишда ўтгани сабабли турли давлат хизматларидан фойдаланиш имконимиз бўлмайди. Шу сабабли ташкил этилган сайёр қабул ва сайёр хизматлар ҳарбийлар учун айни муддао бўлди. Қолаверса, бугунги сайёр қабул давомида мутахассислар томонидан уй-жой субсидияси, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шароитлар, ипотека кредитларини олиш бўйича кўплаб саволларга жавоб олдик.
Ўтказилган тадбир давомида уй-жой, кадастр, фарзандини боғчага жойлаштириш, коммунал хизматлар бўйича 10 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
А. Мусаев, ЎзА