Ҳарбийлар янги йилни янги уйда нишонлашади
Фарғона вилояти Фарғона туманидаги «Новкент» маҳалла фуқаролар йиғинида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун чегара қўриқлаш взводи ҳамда 36 хонадонга мўлжалланган хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимиз миллий армия қудратини юксалтириш борасида кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, ҳарбий хизматчилар билим ва маҳоратини юксалтириш, шахсий таркибнинг ҳарбий-жисмоний тайёргарлигини мукаммаллаштириш, уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, зобит ва хизматчиларнинг моддий таъминоти ва уй-жой шароитларини яхшилаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада янги мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳар бир маъмурий секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Юртимизда Янги йил байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга янги уйларнинг топширилиши катта шодиёнага айланди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Хайрулло Бозоров иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини қўшалоқ байрам билан қутлади.

Бир гектар майдондан иборат ҳарбий шаҳарчада ўқув-жанговар машғулотлар ўтказиш, чегара назорати бинолари, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, кўп қаватли уй, хизмат итлари, отлари сақлаш жойлари, иссиқхона барпо этилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тарбияланиши учун 30 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, оила бекалари учун тикувчилик цехи қуриб битказилди.
2021 йилнинг апрель ойида замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида «Водий юксак омад таъмир» масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан ушбу мажмуа қурилишига киришилиб, эзгу мақсадни рўёбга чиқариш учун вилоят ҳокимлиги бюджетидан 18 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди.

Тадбирда 36 нафар ҳарбий хизматчиларга янги уй калитлари тантанали равишда топширилди. Вилоят секторлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, фаоллар, баркамол авлод вакиллари хизмат бинолари, ошхона, болалар боғчаси, тикувчилик цехи, хонадонларда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
– Бугун янги мебеллар, маиший техникалар билан жиҳозланган икки хонали уйга кўчиб ўтганимиздан беҳад мамнунмиз, – дейди кичик сержант Шерзод Мухторов. – Беш ёшли ўғлим янги боғчага жойлашди, турмуш ўртоғим тикувчилик цехига ишга кирди. Бундан буён оилавий хотиржамлик бизни тинч-осойишта ҳаёт учун ситқидилдан хизмат қилишга рағбатлантиради.

М. Сулаймонов, ЎзА