Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари эътиборда...
Ҳарбий хизматчилар маҳорати, матонати борасида ҳар қанча сўзласак, камлигини айтиб ўтиш жоиз. Сўнгги йилларда Қуролли кучларимизда изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ҳарбийлар оилаларига барча қулайликларга эга хонадонлар калитлари топширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди тизимли ишларни олиб бормоқда. Шу билан бирга, Президентимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишидан келиб чиқиб, фонднинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Жумладан, кўп йиллардан буён амалга ошириб келинаётган дастур доирасида йилнинг ўтган даврида 119 та ҳарбий қисмдаги 10233 нафар ҳарбий ва уларнинг оила аъзолари замонавий диагностика ва даволаш тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу жараёнда аёллар 4974 нафарни, болалар 4184 нафарни, ўсмирлар 324 нафарни, эркаклар 1075 нафарни ташкил этди.

Шунингдек, ҳарбий қисм ва муассасаларда тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ҳарбий хизматчилар оила аъзолари тиббий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш бўйича ўтказилган семинар ва давра суҳбатларида 7 мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинди.
Светлана ИНАМОВА,
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси