Мустақиллигимиз байрами арафасида юртимизда маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Бу тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам бу борада қатор учрашув ва кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоятдаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёшлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” ҳарбийлар лигаси ўтказилди.

Беллашувда 7 та жамоа иштирок этиб, улардаги ёшлар ўз зукколиги, топқирлиги ва ижодий маҳоратларини намоён этишди. Уларнинг ҳар бир чиқишларида ёшларга хос шижоат, ватанпарварлик руҳи, ҳазил ва топқирлик хислатлари ўзаро уйғунлашиб кетди.

– Бундай тадбирлар ёшларнинг бир-бири билан дўстона муҳитда мулоқот қилишларига, уларнинг ижодий салоҳиятларини ривожлантириш ва ватанга садоқат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади, – дейди Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг раиси Азизбек Раҳмонов.

Якуний натижаларга кўра, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Божалар” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Мудофаа вазирлигига қарашли Ширин шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Лидерлар” жамоаси иккинчи ўринга, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг “Сарҳад” жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири