Ҳарбийлар фахрий онахонлар уйига борди
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Иккинчи жаҳон урушида фашист босқинчиларига қарши мардонавор курашда минглаб хотин-қизлар иштирок этган. Уларнинг 150 минг нафари орден ва медаллар билан, юзга яқини қаҳрамон унвони билан тақдирланган.
Ўша пайтда 20 ёшга ҳам тўлиб улгурмаган қизлар ҳамшира, учувчи, мерган, зенитчи, нишонга йўналтирувчи, алоқачи, разведкачи, партизан ҳаракати қатнашчиси сифатида эркаклар билан бир қаторда жанг қилишган. Уларнинг кўпчилиги ҳали 18 ёшга кирмаган қизалоқлар эди. Айримларига турмушга чиқиб рўзғор ташвиши, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш бахти ҳам насиб этмаган.
Урушдан омон чиққан ўша 18 ёшли қизалоқлар бугунги кунда бир асрлик юбилейини қаршилаш арафасида. Душманга қарши мардларча курашган ҳамшира Таисия Нургалиева, алоқачи Вера Мурина, партизанлик ҳаракати қатнашчиси Мария Левоцкая сингари уруш фахрийлари ана шулар жумласидандир.
Умрининг энг гуллаган даврини жанг майдонларида ўтказган бу онахонлар ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар туфайли ўзларини ҳали-ҳунуз 18 ёшли қизалоқлардек ҳис этаётган бўлса не ажаб. Чунки ҳар сафар 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ёки Ғалаба байрами арафасида ҳарбий хизматчилар қарилик гаштини сураётган фахрий онахонларни ўзига хос тарзда гуллар, эсдалик совғалари билан табриклаб, ғамхўрлик кўрсатганда, уларнинг қувончли чеҳрасида айнан шундай ҳолат акс этади.
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари маҳаллий ҳокимият вакиллари, шаҳар мудофаа ишлари бўлими офицерлари, маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари ва ёшлар билан биргаликда Зангиота, Юнусобод, Миробод ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилаётган Зинаида Козирева, Таисия Нургалиева, Вера Мурина, Мария Левоцкая хонадонига яна бир марта ташриф буюриб, онахонларни ўзига хос тарзда табрикладилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти шахсий таркиби, курсантлар ҳамда Зангиота тумани ҳокимияти вакилларининг байрамолди ташрифи туманда яшаб келаётган Зинаида Козирева хонадонига байрам шукуҳини олиб кирди. Суҳбат давомида институт бошлиғи подполковник Ҳакимжон Муҳитдинов Зинаида Козирева сингари фахрийларимиз босиб ўтган шонли йўл бугунги ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг 5-курс курсантлари Валентин Зеленский ва Шуҳрат Нарзуллаев гитара ижросида онахонга ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни куйлаб беришди.
Мудофаа вазирлиги офицерлари, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси ҳарбий хизматчилари, Миробод тумани мактаб ўқувчилари ва маҳалла фаоллари Таисия Нургалиева хонадонига совға-саломлар билан кириб борганда, унинг қизи Татьяна Урлаева кўрсатилаётган эътибордан йиғлаб юборди. 1943 йилда фронтга отланган Таисия Нургалиева меҳмонларга уруш майдонларида бошидан кечирган хотиралари, ҳамширалик хизмати ва ярадорларга кўрсатилган ёрдам ҳақида гапириб берди. Иккинчи жаҳон урушини Узоқ Шарқда Японияга қарши урушда якунлаган 96 ёшли онахон ҳарбий хизматчилар билан биргаликда «Катюша» қўшиғини ижро этиши барчанинг қалбини ҳаяжонлантиргани аниқ. Мактаб ўқувчилари Таисия Нургалиевани байрам билан табриклар экан, бугунги тинч-осуда ҳаётимиз қанчалик машаққатлар эвазига қўлга киритилганини яна бир марта англаб етдилар.
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги шахсий таркиби ҳарбий хизматчилари ҳам Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилаётган Вера Мурина ҳамда Мария Левоцкаяни байрам билан табриклаш тадбирида иштирок этишди. Вера Муринанинг алоқа тизимини тиклаш йўлида кўрсатган қаҳрамонликлари, Мария Левоцкаянинг Украина ўрмонларида олиб борган партизанлик ҳаракати ҳақидаги хотираларини Ватанни қўриқлашдек шарафли бурч эгалари бўлмиш ҳарбий хизматчилар ўзига хос жасорат намунаси сифатида баҳоладилар.
Юрт ҳимоячилари урушнинг энг қайноқ нуқталарида фашист босқинчиларига қарши курашган фахрийларимизни байрам билан ана шу тарзда табриклаб, уларнингқалбига ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган қувоч улашишда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва
оммавий коммуникациялар департаменти ходими