Ҳарбий хизматга пухта тайёргарлик билан
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан бақувват, маънан етук, юксак салоҳиятли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан амалга ошиилаётган ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, она юртга садоқат руҳида тарбиялашда вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими, касбий таълимни ривожлантириш, туризм ва спорт бошқармалари, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи бўлимлари, маҳалла оқсоқоллари ҳамда профилактика нозирлари билан биргаликда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар яхши самара бермоқда, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев. – Айни пайтда вилоятда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга малакали касб ўргатиш мақсадида тасарруфимизда техник ва амалий спорт турлари маркази, шаҳар ва туман кенгашлари қошида 13 та ўқув спорт-техника клуби фаолият кўрсатмоқда. Тизимдаги муассасалар қошидаги 26 та бошланғич ташкилотларда 20 мингга яқин аъзолар жамланган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи ва оммавий-ташкилий ишлар йўналиши юзасидан 741 та тадбир ўтказилиб, уларда 100 мингдан зиёд аҳоли, шу жумладан 83 мингдан ортиқ вояга етмаган ёшлар иштирок этди.
Президентимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармойишига кўра, ҳарбий ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида бир қатор амалий тадбирлар, турли спорт мусобақалари ташкил этилаётир. Мактаб ва техникум ўқувчилари, олийгоҳлар талабалари, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида жонини фидо қилган ички ишлар ходимлари ва ҳарбийларнинг фарзандлари иштирокида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!”, “Уч авлод” учрашувлари, “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида “Ватанпарварлик автоюриши”, “Биз ватанпарварлармиз!” каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари шулар жумласидандир.
Норин тумани ўқув спорт техника клубида ўтказилган очиқ эшиклар куни тадбирида “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти, мақсад-вазифалари ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар пневматик ўқ отиш мажмуасидаги ўқув хоналари, ўқ отиш тири, автоспорт, багги, картинг, мотоспорт, ёзги биатлон каби спорт секциялари билан таништирилди.
Чортоқ ва Чуст туманларидаги ўқув спорт техника клубида имтиёзли асосда ўқиётган, “Ёшлар дафтари” га киритилган ўқувчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида Ватанга хизмат ҳар бир йигитнинг, ўсиб келаётган ўғлонларнинг бурчи экани алоҳида таъкидланди. Ёшлар чақириққача тайёрлаш борасида ЎСТКда яратилган шароитлар билан танишди. Уйчи ва Тўрақўрғон туманларидаги ўқув спорт техника клуби томонидан ташкилотдаги ўқ отиш мажуасида туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “пневматик милтиқдан ўқ отиш” бўйича туман биринчилиги мусобақаси ўтказилди. Унда 200 дан зиёд ҳаваскор спортчилар мерганлик бобида куч синашди.
Чортоқ, Косонсой ва Норин туманларида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон ёшлар форуми” ўтказилди. “Бешта муҳим ташаббус маҳаллаларда” шиори остидаги ёшлар фестевалида пневматик қуроллар, картинг ва мотоцикл спорт техникалари кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, туман ЎСТКда имтиёзли асосда ўқиётган, “Ёшлар дафтари”даги 15 нафар ўқувчига ҳайдовчилик гувоҳномаси топширилди.
[gallery-5425]
Учқўрғон туманидаги ўқув спорт техника клубида барпо этилган картинг мажмуаси ёшларнинг севимли масканига айланган. Мазкур мажмуада бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли 46-махсус мактаб интернатининг 23 нафар имконияти чекланган ўқувчиси “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳайдовчилик курсларига қабул қилинди. Ташкилотимиздаги спортнинг техник-амалий турларини нафақат таълим муассаларида, балки маҳаллаларда уюшмаган ёшлар орасида ҳам кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳрининг Даштбоғ маҳалласида бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган фестевалда авиамодель, ракетамодель спорт жиҳозлари, пневматик қуроллар, картинг ва мотоцикл спорт техникалари намойиш этилди.
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ва унинг тасарруфидаги ташкилотларда “Ватанимга таянчман” мавзусида ватанпарварлик соатлари ўтказилиши белгиланган. Хусусан, Наманган шаҳрида, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган пневматик қуролдан тўрт босқичдан иборат ўқ отиш бўйича вилоят ҳокими кубоги учун вилоят биринчилигига старт берилди. Мазкур беллашувларнинг барча жараёнларида икки юзга яқин спортчи-ёшларни қамраб олиш режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув спорт-техника клубларида тарбияланаётган йигитларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигига ҳавас қилса арзийди. Уларнинг ҳарбий хизматга амалий-техник кўникмаларни эгаллаб бораётгани йигитлик бурчини намунали ўташида муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА