Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий ватанпарварлик сайли

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоятдаги куч тузилмалари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоятнинг Косон туманида “Армия ва ёшлар” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик сайли бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида дастлаб туман марказидаги Маданият саройида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.  

Унда иштирок этган Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал майор Фарҳоджон Шерматов ҳамда бошқалар бугунги кунда ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот йўналишларида ўқишга киришни истовчи ёшларга яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, миллий қадриятлар ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, билим ва тафаккурини равнақ топтириш йўлида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди. 

[gallery-21202] 

– Бу учрашув мен каби ҳарбий соҳага қизиқувчи ёшлар учун айни муддао бўлди, – дейди тумандаги 85-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дурдона Мухторова. – Бугун соҳа масъулларидан ўзим таълим олишни режалаштираётган ҳарбий билим юртлари ва уларда яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот олдим. Мактабимизда ҳам “Ватан таянчи” отряди ташкил қилинган ва мен унга аъзоман. Жамоадошларим билан биргаликда кўплаб ҳарбий мусобақа ва танловларда муваффақиятли иштирок этиб келяпмиз. Келажакда ҳарбий соҳа мутахассиси бўлишни мақсад қилганман.  

Шундан сўнг тумандаги марказий кўча бўйлаб, ҳарбий ватанпарварлик сайлига старт берилди. Сайл доирасида ҳарбий парад, ҳарбий техникалар, қурол аслаҳалар кўргазмалари, қўл жанги чиқишлари, спорт мусобақалари  ва эл суйган санъаткорлар иштирокида галаконцерт дастури ташкил этилди.    

Мазкур ҳарбий ватанпарварлик сайли ўз атрофига 30 минг нафардан зиёд ёшларни жамлади.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари