Ҳарбий ва молиявий кўмак, янги санкция...
Россия-Украина
АҚШ Украина атрофидаги зиддият кенгайишидан манфаатдор эмас, деб баёнот берди Пентагон матбуот котиби, генерал Патрик Райдер.
“Асосий диққатимиз Украинанинг ўзини ҳимоя қилиши, суверен ҳудудларини қайтариб олишига қаратилган”, деди у ҳафталик брифинг чоғида.
Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги Украинага етказиб берилган қурол-яроқ ва ҳарбий техника ноқонуний мақсадларга йўналтирилаётгани, қандайдир “қора бозор”га чиқиб кетаётгани тўғрисида ишончли маълумотга эга эмас.
Райдернинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийларнинг Украинага етказиб берилган аслаҳадан самарали ва мақсадли фойдаланилаётганига ишончлари комил.
“CNN” хабар беришича, АҚШ томонидан Украинага “Patriot” ракетадан ҳимоя тизими етказиб берилиши тўғрисидаги музокара ниҳоясига етиб қолган. Оқ уйдаги манба, ҳатто, ушбу қуролларни етказиб бериш режаси ҳам ишлаб чиқилган. Мудофаа вазирлиги мазкур ҳужжат яқин кунларда тасдиқлаш учун Президент Байденга киритилиши мўлжалланаётганини айтмоқда.
“НАТОга аъзо айрим давлатларда қурол-яроқ, ҳарбий техника етишмовчилиги муносабати билан Украина ва Ғарб ўртасида келишмовчилик юзага келаётгани тўғрисида фикр пайдо бўлмоқда, деб баёнот берди Шимолий Альянсдаги Қўшма Штатлар доимий вакили Жулианн Смит.
Унинг сўзларига кўра, аввалроқ Ғарбнинг Киевга ҳарбий ёрдами бўйича ҳаракатини мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилган.
“Гуруҳ аъзолари Украинада камайиб бораётган аресенал масаласини кўриб чиқа бошлаган. Ишлаб чиқаришни тиклаш учун ҳарбий саноат корхоналарига зарур чораларни кўриш бўйича тавсия берилмоқда”, дея қўшимча қилди Смит.
Буюк Британия ҳарбий хизматчилари 2022 йилнинг биринчи ярмида Украинадаги махфий амалиётда қатнашди, деб ёзди “The Times” нашри Қироллик мудофаа штаби бошлиғи ўринбосари Роберт Магоуэнга таяниб.
“Британия элчихонасини қўриқлаш билан бирга ҳарбийлар сиёсий ва ҳарбий хавф юқорилигига қарамай, бошқа махфий амалиётлар ўтказишга ҳам жалб қилинган”, деди Магоуэн.
Парижда ўтказилган Украинага ёрдам бўйича конференция қатнашчилари томонидан бир миллиард евро тўпланди. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна маълум қилди.
“Маблағнинг 415 миллион евроси энергетика сектори, 25 миллиони сув, 38 миллиони озиқ-овқат таъминоти учун сарфланади”, деди у.
Колонна Президент Владимир Зеленский тадбир бошланмасдан олдин 800 миллион евро сўраб, мурожаат қилганини ҳам айтган.
Украина Бош вазири Денис Шмигаль “бу мамлакатга кўрсатилган жуда йирик кўмак”, дея таъкидлаган.
Киевга ёрдам кўрсатиш бўйича кейинги конфренцияни 2023 йил Лондонда ўтказишга келишилди.
15-16 декабрь кунлари ўтказиладиган Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида Украинага ҳарбий, молиявий ва дипломатик кўмак масаласи муҳокама қилинади. Тадбирда Зеленскийнинг видеомурожаати ҳам кутилмоқда.
Украина Олий Радаси Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, аксарияти россиялик бўлган 56 нафар таниқли спортчига нисбатан санкция эълон қилишни сўради.
Тегишли рўйхатда собиқ гимнастикачи ва Давлат Думаси депутати Алина Кабаева, хоккейчи ва давлат арбоби Вячеслав Фетисов, фигурали учиш устаси Камила Валиева каби номлар бор.
Аброр ХОН, ЎзА