Ҳарбий соҳадаги илмий тажрибалар алмашилди
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ҳарбий-илмий фаолияти тажрибаси» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Қуролли Кучлар академиясининг ҳарбий-илмий тадқиқот ва инновация фаолиятини ташкиллаштириш тажрибасини ўрганиш, илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаш, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган методология ва илғор услубий ёндашувлар асосида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий-таълим муассасалари илмий бўлинмалари мутахассислари ҳамда Қуролли Кучлар академияси илмий-тадқиқотлар институти ходимлари иштирокидаги тадбирда тизимда бўлаётган ўзгаришлар, ҳарбий-илмий фаолият бўйича тажриба алмашилди.
Давра суҳбати давомида ҳарбий-илмий жараён ҳамда Илмий-тадқиқотлар институти фаолияти юзасидан бир қатор мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Қуролли Кучлар академияси илмий ҳамкорлиги ҳамда истиқболли инновацион йўналишлар бўйича ҳарбий илм-фанни янада ривожлантириш юзасидан фикрлар алмашилди.
Қайд қилинганидек, давра суҳбатида берилган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий-таълим муассасалари учун ҳарбий илм-фанни ривожлантириш бўйича илғор методологик ва услубий ёндашувлар билан ўзаро тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолиятни такомиллаштириш йўлида самарали йўл бўлиб хизмат қилади.

Д.Маматова, ЎзА