Ҳарбий санъат тарихидан: Турон саркардалари ғанимни қандай доғда қолдирган?
Қадимги ва ўрта асрлар ҳарбий санъатида музаффарият фақат қўшиннинг сон жиҳатдан устунлиги билан эмас, балки лашкаргоҳнинг пухта истеҳкоми ва жойнинг табиий тузилишини тўғри танлай билиш салоҳияти билан белгиланган.
Ўрта асрлар Шарқ давлатчилиги тарихида лашкаргоҳларнинг жойлашуви ҳамда мудофаа иншоотларининг бунёд этилиши мураккаб ҳандасавий ҳисоб-китобларга асосланган. ХIII аср бошларида яшаб ижод этган машҳур муаррих ва мутафаккир Фахри Мудаббир (Шариф Муҳаммад ибн Мансур Муборакшоҳ) ўзининг шоҳ асари – “Одоб ал-ҳарб ва-ш-шужоат” (“Ҳарб одоби ва шижоат”) рисоласида Сомонийлар ҳамда ундан кейинги даврларнинг ҳарбий тажрибасини тизимлаштириб, лашкар хавфсизлигини таъминлаш усулларини мукаммал баён этади. Ушбу ноёб манба Турон заминида, хусусан, Самарқанд ва Бухоро атрофидаги ҳарбий юришларда қўшин муҳофазаси бўйича қатъий қоидалар ва муайян меъёрлар амал қилганидан далолат беради. Муаллифнинг таъкидлашича, ҳарбий юришлар чоғида лашкар сонини қатъий сир тутиш ҳамда ғанимнинг тўсатдан уюштирадиган таҳдидларининг олдини олиш бирламчи вазифа саналган. Шу мақсадда лашкаргоҳни махсус мудофаа деворлари, чуқур хандақлар ва сунъий муҳандислик тўсиқлари билан ўраб олиш мажбурий қоида этиб белгиланган.
Лашкаргоҳ барпо этишда макон танлаш – ернинг тузилиши, сув манбаларининг мавжудлиги ҳамда от ва уловларнинг хавфсизлиги асосий мезон бўлган. Муборакшоҳ қўшин ўрнашадиган майдон шўрхок, ҳаддан ташқари тошлоқ ёки ботқоқ бўлмаслиги шартлигини алоҳида уқтиради. Бундай талаб отлиқ қўшинларнинг тезкор ҳаракатчанлигини сақлаш, отларнинг туёғи шикастланишига йўл қўймаслик зарурати билан изоҳланган. Шу билан бирга, лашкаргоҳ аҳоли яшайдиган манзиллардан хавфсиз масофада барпо этилиб, тўсатдан уюштириладиган пистирмалардан сақланиш мақсадида теварак-атроф тўлиқ назоратга олинган. Бу каби тактик режалаштириш сабабли узоқ юришдан ҳориган қўшин ҳам кутилмаган ҳужумлардан ўзини ишончли муҳофаза қила олган.
Ҳарбий юришлар даврида қўшиннинг сафланиши ва ҳаракатланиш тартиби темир интизомга бўйсундирилган. Тарихий қайдларга кўра, асосий жанговар қисмлар билан бирга улкан юк-аравалар карвони, озиқ-овқат захиралари ҳамда аслаҳа таъминоти тузилмалари бир маромда силжиган. Қўшиннинг жанговар сафи шарқона ҳарб анъанасига кўра ғул (марказ), маймана (ўнг қанот), майсара (сўл қанот) ҳамда эҳтиёт сафларига ажратилиб, ҳар бир қисм олдига аниқ стратегик вазифа юклатилган. Сафларни кўрикдан ўтказиш ва жанговар шайлигини текшириш нафақат тўқнашув олдидан, балки лашкаргоҳ қурилаётган маҳалда ҳам мунтазам бажарилган. Бу тадбир лашкар орасида парокандалик юзага келишининг олдини олиб, ҳарбий бўлинмаларнинг ўзаро уйғун ҳаракатини таъминлаган.
Аслаҳа-анжомлар турлари ва уларни ясаш сир-асрорлари ҳам ҳарбий муҳандисликнинг ажралмас йўналиши бўлган. Манбада камон ва найзаларнинг пишиқлиги улар йўнилган ёғоч навларига, суяк ва пай қисмларининг қай даражада моҳирона бириктирилганига тўғридан-тўғри боғлиқ экани очиб берилади. Муборакшоҳ ўқ-ёйларнинг турли масофаларга мўлжалланган шакллари, пайконларининг тузилиши ва совутларни тешиб ўтиш даражасини муфассал баён этади. Мустаҳкам қалъа ва истеҳкомларни забт этиш учун махсус манжаниқ ҳамда тошотар қурилмалар яратилиб, уларни жойига етказиш ва ўрнатишда нозик ҳандасавий ўлчовлар татбиқ этилган. Мазкур қамал қуроллари ҳар бир ҳудуднинг релефи ва истеҳком деворларининг баландлигига мослаб созланган.
Лашкардаги юксак ҳамжиҳатлик ва бошқарувнинг муайян марказга бўйсуниши зафар қозонишнинг бош омили сифатида баҳоланган. Турли элат ва ҳудудлардан тўпланган, ягона ҳарбий низомга амал қилмайдиган тарқоқ гуруҳларнинг жанговар салоҳияти суст бўлиши тарих силсиласида кўп бора кўзга ташланган. Муборакшоҳ лашкарбошиларнинг бош мақсади барча жангчилар қалбида мустаҳкам бурч, интизом ва ўзаро мадад туйғусини шакллантиришдан иборат эканини таъкидлайди. Ҳамжиҳатлик бўлмаган сафларда парокандалик ва чекиниш хавфи юқори бўлгани сабабли, саркардалар жангчиларнинг руҳий барқарорлиги ва жанговар тадбирига бирдек диққат қаратган.
Жанг майдонидаги ҳарбий санъат нафақат шиддатли ҳужум усулларини, балки зарурат туғилганда қўшинни сақлаб қолиш, чекиниш ва қайта сафланиш режаларини ҳам ўз ичига олган. Қуёш нурининг тушиш йўналиши, шамолнинг кучи ва теваракдаги тўзон каби табиий омиллар лашкар ҳаракатида қатъий инобатга олинган. “Одоб ал-ҳарб ва-ш-шужоат” рисоласида кўрсатилган ҳарбий қоидаларга мувофиқ, куннинг иккинчи ярмида бошланган жанглар тўқнашув оғир кечганда қўшинга ортиқча талафотларсиз лашкаргоҳ паноҳига қайтиш имконини берган. Мазкур тадбирлар лашкарни кутилмаган мағлубиятдан асровчи ишончли восита бўлиб хизмат қилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Турон заминида шаклланган ҳарбий-муҳандислик анъаналари кейинги даврларда давлат мудофааси ва шаҳарсозлик маданиятининг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилди. Муборакшоҳ мероси ўрта асрларда ҳарбий маҳорат тасодифий тадбирлар эмас, балки аниқ ҳандасавий ҳисоб-китоб, юксак интизом ва пухта географик кузатувлар уйғунлигида олиб борилганини кўрсатади. Мукаммал стратегик тадбир, қурол сифати ва темир интизом уйғунлиги эса салтанат сарҳадларини дахлсиз сақлашда ҳал қилувчи мезон бўлиб қолган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА