Ҳарбий қисмга янги штаб биноси топширилди
14 Январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга замонавий шароитларга эга янги штаб биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, полковник Журъат Ёқубов юртимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга етарлича шарт-шароит ва қулайликлар яратиш имкони бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айтиш лозимки, янги бинода замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган хоналар, кўплаб бадиий ва ўқув адабиётлари билан бойитилган маънавият хонаси ҳамда яратилган қулайликлар ҳарбий хизматчиларнинг иш унумдорлигини ошишига хизмат қилади.
Тадбир давомида ҳарбий қисмга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан хизмат автомобиллари топширилди. Шунингдек, ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Мудофаа вазирлиги ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонининг буйруғига асосан, қимматбаҳо совғалар ва эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
[gallery-698]
Ў.Баратов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА