Ҳарбий қисмдаги шароит меҳмонларга манзур бўлди
Мамлакатимизда “АрМИ – 2022” халқаро армия ўйинлари, жумладан, Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ полигонида “Қуролсоз уста” ва “Дала ошхонаси”, шунингдек Самарқанд вилоятидаги “Сазаган” полигонида “Хавфсиз муҳит” мусобақалари ўтказилади.
Мазкур мусобақага иштирок этиш учун келган меҳмонлар кеча Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисмда бўлиб, яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди. Бу ҳақида Марказий ҳарбий округнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий меҳмонлар бугунги кунда миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар билан қизиқди. Шунингдек, мусобақа иштирокчилари ҳарбий қисм бўйлаб ўқув бинолари, ётоқхона, ошхона, маданият маркази, тиббиёт пункти, спорт мажмуалари ҳамда ҳарбий шаҳарчада ҳам бўлди.
Ҳарбий қисмнинг ўқув биносидаги соҳибқирон Амир Темур ва буюк саркарда Жалолиддин Мангубердига бағишланган тематик ўқув синф хоналари ва ҳарбий шаҳарчадаги “Хотира майдони” меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Бундан ташқари, турли мамлакатлардан келган ҳарбий делегация вакиллари ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларидан тортиб, ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, яшаш шароитлари билан ҳам атрофлича танишди.

Бугун Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ полигонида мазкур мусобақаларнинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
А.Қаюмов, ЎзА