Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилангани муносабати билан “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Бунга нима зарурат бор эди? Янги меъёрлар кучга кириши билан нималар ўзгарди? Бу саволларга Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ахборот хизмати бошлиғи Шерзод Ҳайитов жавоб берди:
– Мамлакатимиз мудофааси, хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш, замонавий армияни шакллантириш ҳамда ҳарбий хизматчиларни ва Қуролли Кучлар тизими ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шундай кенг қамровли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар натижасида ҳарбий йўналишдаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш масалалари алоҳида долзарб аҳамият касб этди.
Шу муносабат билан Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги фармони билан муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Бунгача чорак аср давомида ҳарбий прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилмаган эди.
Фармонда Ҳарбий прокуратура зиммасига унинг Қуролли Кучларда қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, ҳарбий прокуратура органлари, шу жумладан, ташкилий-штат тузилишига ва фаолиятга доир бошқа масалаларга оид қатор вазифалар юклатилди.
Ушбу фармон билан Ҳарбий прокуратура ташкилий-штат тузилмаси ва таъминоти Мудофаа вазирлигидан Бош прокуратурага ўтказилди.
Бош прокурор ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорига ҳарбий прокуратура органларига ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ундан бўшатиш, ходимларга белгиланган тартибда ҳарбий унвонлар бериш ваколатлари берилди.
Қуролли Кучлар вазирлик ва идоралари Ҳарбий ҳайъатининг, ҳарбий округлар ҳарбий кенгашларининг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини, аҳолининг тинч ҳаётини таъминлашда қонунийликни таъминлаш борасида Ҳарбий прокурор ва ҳудудий ҳарбий прокурорлар масъулиятини ошириш кўзда тутилди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби янгилик ва ўзгаришлар ҳамда фармонда белгиланган қатор вазифалар “Прокуратура тўғрисида”ги қонун нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди.
Шундан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунга кўра, ҳарбий унвонлар бериш ва олий даражали ҳарбий унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этиш Бош прокурор ваколатига киритилди.
Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурорнинг беш йиллик ваколат муддати, ёши йигирма бешдан кичик бўлмаслиги, ходимларни муайян лавозимларга тайинлаш ва озод этишдаги, шу билан бирга, ўзига бўйсунувчи ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар, фармойишлар чиқариш ваколатлари қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ, прокуратура органлари ва муассасаларининг ходимларига даражали унвонлар ва ҳарбий унвонлар бериш ҳамда улардан маҳрум этиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланиши назарда тутилди.
Умуман олганда, “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 9 та моддасига ва жами 18 та нормасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мухтасар айтганда, ушбу янгилик ва ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича ҳарбий прокуратура органларининг чинакам мустақил фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида, шу жумладан, бюджет маблағлари ва давлат мулкини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга замин яратади.
Н.Абдураимова, ЎзА