2017 йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясидан кўзланган асосий мақсад – ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизация қилиш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборат эди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамиятда содир бўлган кучли модернизация жараёни барча соҳада жадал суръатларда юксалишни юзага келтирди. Бу дунё ҳамжамиятининг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича Давлат дастурлари қабул қилинган ҳолда амалга оширилиб келинди.

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш ҳақида сўз борганда, муҳим сиёсий жараён – Президент Шавкат Мирзиёев томонидан парламентга Мурожаатнома йўллаш институти жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими ислоҳ қилиниб, уларнинг фаолиятида самарадорликни ошириш, давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, давлат органларида соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириш, улар фаолиятига рақамли технологияларни кенг татбиқ қилиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг янги, демократик шаклларини жорий этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик вакиллари ва экспертлар доирасида муҳокамалардан ўтказиш, шунингдек, қонун лойиҳаларининг халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганишга устувор аҳамият берилди.

Шунингдек, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга асосан, ўтган даврда депутатларнинг жойларда ўтказган ўрганишлари, сайлов округларида ўз сайловчилари билан учрашувлари давомида фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммолар юзасидан давлат органлари ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан 2017–2021 йилларда жами 1 630 та депутат сўрови юборилди. Ундан ташқари, 2018–2021 йиллар давомида Қонунчилик палатаси мажлисларида Ҳукумат ваа хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунда белгиланган ваколатлари доирасида ҳамда ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан жами 76 маротаба ахбороти эшитилди.

Сўнгги йилларда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш институтидан фойдаланиш натижадорлиги ҳам сезиларли равишда ошди. Бунда парламент назорати объектлари доираси кенгайтирилиб, хўжалик бошқаруви органлари фаолияти ҳам қамраб олинди. 1991–2016 йилларда Қонунчилик палатаси 6 та сўров, 2004–2016 йиллар мобайнида Олий Мажлис Сенати томонидан 7 та сўров юборилган. 2017–2021 йиллар давомида эса, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалалар юзасидан Олий Мажлис сенатида бу кўрсаткич 35 тани ташкил қилиб, сўровлар сони 5 баробарга, Қонунчилик палатаси сўровлари сони 56 тани ташкил қилиб, деярли 8 баробарга ортди.

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда жойлардаги тизимли муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида қуйи палата мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш – «ҳукумат соати» институти жорий қилинди. Хусусан, 2018–2021 йилларда 30 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда ҳукуматнинг 41 нафар аъзоси депутатлар саволларига жавоб берди. Энг муҳими, 2021 йилдан бошлаб ўтказилган «ҳукумат соати» тадбирлари Қонунчилик палатасининг «Youtube» ҳамда «Facebook»даги расмий саҳифаларида тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Шу ўринда, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. 2017–2021 йилларда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 5 млн. 780 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди, шундан 3 млн. 288 мингдан ортиғи қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва қонуний ўрганиб чиқилиши натижасида уларни қаноатлантириш даражаси ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2017 йилда 47,5 фоиз, 2018 йилда – 53,9, 2019 йилда – 60,9, 2020 йилда 60,4 фоиз бўлса, 2021 йилда 86,7 фоизни ташкил этди.

Бугун, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўналишидаги туб ўзгаришлар халқимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда судларни «адолат қўрғони»га айлантириш, жумладан, Олий суд фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди, суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддат 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди.

Судьяликка ҳаёт тажрибасига эга шахсларни тайинлаш мақсадида илк маротаба тавсия этиладиган номзодлар учун судьяликка номзоднинг ёши камида 35 ёш этиб белгиланди. Судьяликка номзодларни танлов асосида танлаб олиш механизми жорий этилди. Ўтган давр мобайнида судьяларнинг умумий сони қарийб 30 фоизга ошди, натижада судьялар корпуси кучайтирилди.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилди. Суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ қилинмоқда.

2017–2021 йилларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Жумладан, мамлакат аҳолиси учун узоқ йиллардан буён оғриқли масала бўлиб келган «прописка» тизими тубдан ислоҳ қилинди. Фуқаролик бериш тартибининг соддалаштирилиши натижасида 2018–2021 йилларда 70 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Бюрократик тўсиқларни камайтириш йўлида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизими амалиётга татбиқ этилди. Авваллари Ўзбекистон Республикасига кириб келишда йўловчи божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, эндиликда ўртача 30 дақиқадан 1 соатгача вақт ичида чегара ва божхона назоратини тарк этиши мумкин.

Узоқ йиллар давомида мамлакат учун тамға бўлиб келган Жаслиқ жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Қийноқларнинг олдини олиш масаласига давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони ва 6 та қарори қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан афв этиш тизими йўлга қўйилди. 2017–2021 йилларда жазо муддатини ўтаётган 6 мингга яқин маҳкумга нисбатан афв этиш актлари қўлланилди.

Суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «Бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилди.

Ўтган 5 йилда 3 513 нафар, фақат 2021 йилнинг ўзида 743 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 18 026 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 33 515 фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилди ёки ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Унда коррупцияга қарши кураш институционал ва тизимли равишда амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилди.

2018–2021 йилларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш билан боғлиқ 2 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 та фармон ва қарори, Ҳукуматнинг 16 та қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил қилинди. Аёл сенаторларнинг сони қарийб 30 фоизга, депутат аёллар сони эса 50 фоизга ўсди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институти жорий этилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида ўтган 5 йил давомида асосий иқтисодий ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражаси, солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, бизнесга қулай муҳит яратиш, инфратузилмани такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги, иқтисодий интеграция, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилди.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотлар натижасида барчага тенг ва эркин рақобат шароити яратилди. Ортиқча йиғимларни бекор қилиш ва солиқ ставкаларининг нормаллаштирилиши туфайли тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юки камайтирилди. Бунда, мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари 2 баробар пасайтирилди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Сўнгги йилларда тадбиркорликка кенг йўл очилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текшириш бекор қилинди, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун давлат хизматларини кўрсатиш тартиботлари сони, рўйхатдан ўтиш учун кетадиган вақт қисқартирилди. Яна бир муҳим жиҳат – режали текширувлар, шунингдек, 42 турдаги фаолиятга лицензиялар ва рухсатномалар бериш бекор қилинди.

Ўз навбатида, 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида саноатнинг етакчи тармоқлари (тўқимачилик, электротехника, автомобиль саноати, қурилиш материаллари саноати, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергетика каби тармоқлар)ниривожлантириш стратегиялари қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, тадбиркорликни ривожлантиришнинг замонавий, қулай ва самарали усулига айланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида фаол ташкил этилаётган бундай иқтисодий майдонлар импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, жойларда экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашда йирик «драйвер»га айланди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 23 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Уларда умумий қиймати 2,6 млрд. долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилди. Эркин иқтисодий зоналарга хорижий инвесторларни жалб қилиш учун тегишли имтиёз ва преференциялар тақдим этилди. Имтиёзлар инвестиция ҳажмига боғлиқ бўлиб:

300 минг АҚШ долларидан 3 млн. АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 3 йил муддатга;

3 млн. АҚШ долларидан 5 млн. АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 5 йил муддатга;

5 млн. АҚШ долларидан 10 млн. АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 7 йил муддатга;

10 млн. АҚШ доллари ва ундан ортиқ инвестиция киритилганда – 10 йил муддатга, кейинги 5 йил мобайнида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари амалдаги ставкалардан 50 фоиз паст миқдорда қўлланилган ҳолда берилади.

Шунингдек, етакчи тармоқларга ихтисослашган кичик саноат зоналарининг самарали фаолияти учун тегишли инфратузилмалар яратилди. Ҳозирда 348 та кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда. Кичик саноат зоналарида 5 трлн. сўмлик 1497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланди. Бу, мазкур тизимни йўлга қўйиш борасида юртимизда зарур тажриба тўпланганига далолатдир.

Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш орқали сайёҳлик инфратузилмаси ривожлантирилди. Халқаро сайёҳлар сони 2016 йилдаги 2 млн.дан 2019 йилда 6,7 млн.гача кўпайди. БМТ ҳузуридаги Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда энг яхши ривожланаётган сайёҳлик йўналишига эга мамлакатлар бешлигига кирди.

2016–2021 йилларда маҳаллий сайёҳларнинг сони 24 млн.га етган бўлса, хорижликларнинг сони қарийб 20 млн. кишини ташкил этди. Таъкидлаш лозимки, коронавирус пандемияси фонида жорий этилган чекловлар ва уларнинг натижасида юзага келган глобал инқироз оқибатлари туфайли 2020 йилда Ўзбекистонга 1,5 млн., 2021 йилда эса, 1,7 млн. чет эллик сайёҳлар  ташриф буюрди. Ваҳоланки, 2019 йилда Ўзбекистонга қарийб 7 млн. нафар сайёҳ келган эди.

2017 йилда бошланган иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор механизмларининг ролини оширишга қаратилган энг муҳим иқтисодий ислоҳотлардан бири, бу миллий валюта алмашув курсининг бозор механизмлари асосида шаклланиш тамойилларини жорий этиш орқали ички валюта бозорини босқичма-босқич либераллаштирилиши билан боғлиқ амалий қадамлар бўлди.

Шу билан бирга, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган йўлга қўйилди. Марказий банк томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакат бўйича банкоматлар ва ахборот киоскларининг умумий сони 11 572 тани ташкил қилмоқда. Шунингдек, 2019–2021 йилларда аҳолига хизмат қиладиган валюта айирбошлаш шохобчаларининг умумий сони 1 724 тадан 2 664 тага, шу жумладан, «24/7» режимида ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари сони 722 тадан 1 306 тагача етказилди ҳамда миллий валютани чет эл валютасига қулай айирбошлаш имконияти яратилди.

Ўзбекистоннинг фискал соҳадаги сиёсати тубдан ўзгарди, хусусан бюджетнинг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланди, солиққа тортишни соддалаштириш ва такомиллаштириш бўйича солиқ ислоҳотлари амалга оширилди, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо фаолиятида 2017–2021 йилларда ташқи савдони либераллаштириш ва республика экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш натижасида улкан ўзгаришлар юз берди. Хусусан, экспорт қилинадиган барча товарлар ва хизматлар учун божхона тўловлари бекор қилинди, лицензиялаш ва экспорт тизими соддалаштирилди. Товарларнинг 60 фоиздан ортиқ турлари учун божхона тўловларининг «ноль» даражаси белгиланди. Божхона тўлови ставкаси 6,45 фоизгача пасайтирилди.

Ташқи савдони янада эркинлаштириш, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар экспортининг номенклатурасини ошириш учун шароит яратилди. Масалан, экспортни рағбатлантириш мақсадида маҳсулотлар учун олдиндан тўлов тартиби бартараф этилди ва кафиллик мажбуриятисиз ташқи бозорга маҳсулот етказиб бериш тизими яратилди. Эскирган лицензиялаш тартиб-таомиллари бекор қилинди, экспортчилар учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилди. Экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзларини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кунгача узайтирилди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, иқтисодий соҳаларни янада ривожлантириш ва амалга оширилган таркибий ислоҳотлар самараси 2017–2019 йиллар давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожланишини таъминлади. Жумладан, мамлакатдаги иқтисодий ўсиш 2017 йилда 4,4 фоизга, 2018 йилда 5,4 фоизга, 2019 йилда эса 5,7 фоизга барқарор ўсиши таъминланди.

2020 йилда бошланган глобал пандемия сабабли вужудга келган инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган (жами қиймати 2,1 млрд. долл.дан ортиқ) иқтисодий чоралар кўрилди.

Натижада, 2020 йилнинг дастлабки III-чорак якунлари бўйича иқтисодиёт мўътадил даражада ўсишда (0,4%) давом этиб, IV чоракдан иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида фаоллик қайд этилди ва йил якунига кўра иқтисодий ўсиш 101,9 фоизни ташкил этди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон дунёдаги глобал пандемия пайтида Европа ва Марказий Осиё минтақасида 2020 йилда иқтисодиёти ўсиши қайд этилган саноқли давлатлардан бири бўлди.

2021 йилда мамлакатда иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида йил якунига кўра ЯИМ ўсиш суръати 107,4 фоизни ташкил этди. Жаҳон банкининг 2022 йил январь ойидаги прогнозларига мувофиқ, 2022–2023 йилларда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги юқори иқтисодий ўсиши кутилаётган етакчи давлат сифатида қайд этилди.

Ўтган 5 йил ичида Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари борасидаги сиёсати тубдан ўзгарди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1 373 та қишлоқ врачлик пункти қисқартирилиб, ўрнига 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчалари ҳамда кундузги стационарлар очилди. 306 та шаҳар ва туман касалхоналарида эса янги ихтисослаштирилган поликлиникалар ҳамда 1 200 та тез ёрдам шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказлари 14 та стационар ва мобиль рақамли рентген, 8 та МРТ (1,5 тесла) билан жиҳозланган бўлса, республика ҳамда 6 та ҳудудий онкология муассасаси 6,5 млн. АҚШ долларига тенг 2 турдаги 15 та гамма терапия ускуналари билан таъминланди.

Мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янги боғчаларни қуриш учун 2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш Дастури ҳамда 2030 йилга қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 80,8 фоизга етказиш мақсад қилинган мактабгача таълим тизимини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 62,4 фоизга, МТТлар сони 5211 тадан 19316 га етказилди.

Мамлакатда Президент мактаблари, махсус иқтидорли болалар мактаблари, ижод мактаблари ва «Темурбеклар мактаби» ташкил этилди. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-мулоҳазалари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта тикланди.

Мамлакатда олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологиялари асосида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

2017–2021 йилларда олий таълим муассасалари сони икки баробар оширилиб, 2016 йилдаги 77 тадан 141 тага етди, олий таълимга қабул квотаси ҳам 3 баробар оширилиб, 28 фоизга етказилди. 2022 йилда ушбу кўрсаткични 38 фоизга етказиш мақсад қилинган. Ёш аёл-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча имконият яратилиб, 3 минг нафардан ортиқ қиз учун алоҳида грантлар ажратилгани ҳам таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар илм-фан ва инновацияларда кўплаб камчиликларни бартараф этди, натижада Глобал инновация индекси (Global Innovation Index) ҳисоботи натижасига кўра, республика рейтинги 29 позицияга яхшиланди ва 131 мамлакат орасида 93-ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида 2020 йилда давлат органи – Ёшлар ишлари агентлигига асос солинди.

Ёшлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида, Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эса Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилди.

Сўнгги беш йилда юртимизнинг истеъдодли ва фидойи ўғил-қизларидан 795 нафари давлат мукофотига сазовор бўлди. Жумладан, 142 нафар йигит «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 61 нафар ёш эса «Келажак бунёдкори» медали, 592 нафари «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

2021 йилдан эътиборан ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробаригача давлат бюджетидан грантлар бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган янги тизим – «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар дастурлари» жорий этилди. Тизимни рақамлаштириш, ёшларга берилаётган имтиёзлар шаффофлигини таъминлаш, жойларда амалга оширилаётган ишларни уч босқичда мониторинг қилиб бориш имконини берувчи «yoshlardaftari.uz» ягона электрон платформаси ишга туширилди.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш мақсадида, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Мономарказ» МЧЖ ташкил этилди. Бугунги кунда ҳудудларда 14 та «Ишга марҳамат» мономарказлари, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 11 та қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларининг фаолият юритаётганлиги соҳадаги ислоҳотлар самарасидир.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар борасида ҳам умумжаҳон эътирофига лойиқ ислоҳотлар рўй бермоқда.

Хусусан, мамлакат мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида соҳанинг норматив ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Қуроллий Кучларнинг ташкилий тузилмаси, жанговар таркиби ва шайлиги кучайтирилди. Юртимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланди, бунда контракт асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг улуши 2016 йилдаги 37 фоиздан, 2021 йилга келиб 68 фоизгача ўсди, қўшинларнинг замонавий қурол-яроғ билан жиҳозланиши даражаси эса ўтган давр мобайнида баробарга ошди.

Диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларида мутлақо янгича ёндашув натижасида нафақат миллий сиёсат, балки мазкур соҳада халқаро майдонда илгари сурилаётган ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Жумладан, 2018 йилда Халқаро диний эркинлик бўйича ҳисоботдаги «алоҳида хавотир уйғотувчи» давлатлар рўйхатидан чиқарилган бўлса, мунтазам олиб борилган ижобий ўзгаришлар натижасида Ўзбекистоннинг 2021 йилдан диний эркинлик соҳасидаги «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатидан ҳам чиқарилгани демократик ислоҳотларнинг эътирофи бўлди.  

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларини фаол олиб боришга қаратилиб, саъй-ҳаракатлар «жаҳолатга қарши маърифат» деган ғояга асосланмоқда.

Мамлакатда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида чуқур ўйланган сиёсат натижасида фуқаролар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланиб, миллатлараро ва конфессиялараро мулоқотнинг механизмлари такомиллаштирилди ҳамда фуқаролар эркинликларини кенгайтиришнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил қилинди ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.

Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилиб, 2021 йил якунига келиб, дўстлик жамиятлари сони 38 та, миллий маданий марказлар сони эса 150 тага етди.

Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда минтақанинг барча давлатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашинуви йўлга қўйилди. Марказий Осий давлат раҳбарлари ўртасида очиқ ва ишончли сиёсий мулоқотнинг мустаҳкамланиши натижасида минтақадаги қўшнилар билан муносабатларда 2016 йилгача мавжуд бўлган кўплаб мураккаб муаммоларга ечим топилди.

2017–2021 йиллар давомида қўшни давлатлар билан фаол музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси делимитация жараёни кескин жадаллашди – 2021 йилгача келиб умумий чегара бўйича 95,5%, Ўзбекистон–Тожикистон 99% дан зиёд ва Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегараси 80% дан зиёд делимитацияси амалга оширилди.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий, саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, 2017–2021 йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, минтақавий савдонинг умумий ҳажми 5 миллиард доллардан ошди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев илк бор Ўзбекистон Президенти сифатида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Президентнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида илгари сурилган ташаббуслар натижасида – Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви, Афғонистон бўйича Тошкентда халқаро конференция ташкил этилди, БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий йилда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинди. Булар Ўзбекистон илгари сураётган ташаббусларнинг халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлаётганига ёрқин далилдир.

Қолаверса, Ўзбекистон томонлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашиб, Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда фаол иштирок этмоқда, шунингдек Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларга жалб қилишга ёрдам берадиган муҳим иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар қаторида трансафғон транспорт йўлаги, қиймати 100 млн. АҚШ доллари бўлган «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғи, қиймати 75 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи «Термиз халқаро савдо маркази» ҳамда Термиз шаҳрида ташкил қилинган Афғонистон талабаларини ўқитиш таълим маркази ва афғон халқига Халқаро гуманитар ёрдам етказиш каби ишлар  амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли қитъалардаги кўплаб давлатлар ва давлат уюшмалари билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Европа, Яқин Шарқ, Жанубий–Шарқий Осиё ва бошқа минтақалардаги ҳамкор мамлакатлари билан муносабатлари деярли барча соҳаларда сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон очиқ ташқи сиёсатини жадал илгари суришни бошлаши билан мамлакат етакчи давлатлар билан «Марказий Осиё + Россия Федерацияси», «Марказий Осиё + Хитой Халқ Республикаси», «С5+1» (АҚШ), «Марказий Осиё+Япония», «Марказий Осиё+Корея Республикаси», «Марказий Осиё + Европа Иттифоқи» ҳамкорлиги доирасида минтақавий мулоқотнинг турли форматларини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Бундай форматларнинг пайдо бўлиши халқаро муносабатлар архитектураси, сиёсий ва иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг глобал жараёнлари, минтақавий ва халқаро хавфсизлик тизимини шакллантиришда Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бораётганлигини кўрсатади.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, «Биз бундан буён ҳам ташқи сиёсатимизни олиб боришда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясида белгиланган стратегик вазифалар ва устувор йўналишларга таянамиз. Биз ўзимиз танлаган, тинчликпарварликка асосланган, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий воситалар билан ҳал этишга қаратилган йўлга доимо содиқмиз».

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистон замирида буюк тарих яратилмоқда. Бу оламшумул самаралар келгуси авлодларга муносиб мерос қолдиришга хизмат қилишига, асло шубҳа йўқ.

Элдор ТУЛЯКОВ, 

«Тараққиёт стратегияси» маркази 

ижрочи директори.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаракатлар стратегияси билан беш йил: ислоҳотлар сарҳисоби