Ҳар замон, ҳар маконда улуғвор Навоий
Жаҳон адабиётида бетакрор ижодкорлар бисёр.
Бироқ буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг саховатга, эзгуликка тўла ибратли ҳаёти, беназир ижоди, унинг маърифий мероси инсонпарварлик, поклик, маънавий юксакликка йўғрилгани билан ҳозиргача жаҳон олимлари, сўз санъати мухлислари, китобхонлар, адабиёт фидойиларининг эътибори, ҳайрати, қизиқиши, ҳавасини ўзига жалб этмоқда, башариятнинг юксак эътирофида бўлиб келмоқда.
Пойтахтимиздаги улуғ бобокалонимиз номи билан аталувчи Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тантанали тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Тантанали тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, чет эллик навоийшунос олимлар, адабиёт мухлислари иштирок этди. Театр фойесида Алишер Навоий ижодиётига оид китоблар ва миниатюра санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, атоқли навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов янгиланиб бораётган жонажон Ўзбекистонимизда маънавий-маърифий ислоҳотларга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида ёрқин воқелик бўлиши билан бирга жаҳон миқёсида ҳам кенг акс-садо берди. Дарҳақиқат, мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, беназир шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси наинки халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Алишер Навоий орденини таъсис этишга оид ташаббус мутафаккир бобомизнинг ўлмас меросига қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодасидир. Айни пайтда мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилгани улуғ зот ижодини жаҳон миқёсда ўрганишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳозирда мазкур фонд ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Алишер Навоий асарларини чет тилларига таржима этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ўзбекистонни барчамиз жуда яхши кўрамиз, — деди озарбайжонлик навоийшунос олим Рамиз Аскер. – Сабаби бу диёр қадим тарихга, бетакрор маданиятга, энг гўзал меъморий обидаларга, Самарқанд, Бухоро каби кўҳна шаҳарларга, мафтункор табиатга эга бўлиши билан бирга адолат рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурни жаҳонга берди. Навоийнинг бир қатор асарларини озарбайжон тилига таржима этдим. Низомий Навоийдан уч аср аввал яшаган. Алишер Навоий ўз асарларида Низомийга бўлган эҳтиромини билдириб, уни шеъриятнинг қуёши, деб атайди. Айни пайтда Алишер Навоий “Хамса” яратган шоирлар сафидаги туркийда ижод қилган ягона шоирдир. Зеро, Навоий турк адабиёти учун буюк ибратдир.
– Навоийнинг ижоди адабиёт, санъат аҳлини доим ўзига жалб этиб келган, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон. – Кейинги йилларда Навоий ижодига оид тадқиқотлар қамрови янада кенгайди. Улуғ шахслар сиймосини яратиш ҳар бир ижодкорнинг орзусидир. “Алишер Навоий” номли романни ёзишга муяссар бўлдим. Бу асар мамлакатимиздаги ижод эркинлиги сабабли юзага келди. Мўътабар аждодларимиз, уларнинг шон-шарафга бурканган ҳаёти келгусида ҳам янги-янги асарларда ўз аксини топаверади.
– Навоий – турк дунёсини бирлаштирувчи буюк даҳо, – деди туркиялик олим Абдураҳмон Гўзал. – У – номдор давлат арбоби, сўз санъаткори, ҳам беназир шоирдир. Бизларни бундай анжуманга Навоийнинг пок руҳи бирлаштириб турибди, десам муболаға бўлмайди. Алишер Навоий Туркиядаги энг севимли шоирдир. Назаримда Ўзбекистон наинки географик жиҳатдан, балки адабиёт, маънавият, маърифат жиҳатдан ҳам турк дунёсининг марказидир. Бу табаррук заминда яратилган асарлар Европа халқларининг тилларига таржима этилган ва шу орқали дунёга чиққан. Навоий – дунё китобхонлари, олимлари томонидан ҳали ҳамон катта қизиқиш билан ўқиб, ўрганилаётган шоир.
– Алишер Навоий шахсияти Ғарбу Шарқда, бутун Ер қиррасида башариятнинг энг саховатпеша сиймоси, одил сиёсатчи, ориф инсон сифатида ном қозонган, – деди эронлик профессор Эҳсон Қабул. – Гарчи ул зот темурийлар даврида яшаган бўлса-да, ҳар замон, ҳар маконларда улуғвордир. У асарлар оша маънавият ва маърифатга даъват этмоқда. Алишер Навоийнинг Ҳирот, Машҳад, Астробода бунёд этган иншоотлари ҳайратланарлидир, лекин шу билан бирга унинг сир-синоатларга, эзгу ғояларга тўла асарлари ундан ҳам қимматлироқдир. Алишер Навоий Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон каби давлатлар учун ҳамжиҳатлик ва дўстлик рамзидир. Унинг ғоялари сабаб бизнинг мақсад-муддаоларимиз ҳамоҳанг. Навоий бизларга дўстлик ва биродарликка асосланган ватан қолдирди, десак муболаға бўлмайди.
Тантанали тадбирда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодининг тарғиботи борасидаги ишлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Санъат усталари, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, ёш ижрочилар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
[gallery-4848]
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА