Юксак ғалабаларга ўз-ўзидан эришилмайди.
Тинимсиз изланиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш муваффақиятларнинг бош омилидир. Аниқ режа, белгиланган “Йўл харита” ва албатта, манзилли дастурлар ютуқларнинг ўқ илдизи ҳисобланади. Айни ҳолатларнинг мужассамлиги сабабли Ватанимиз спортчилари Токио олимпиадасида кўзланган марраларни қисман забт этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев XXXII ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз спорт қудратига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари билан учрашувда “Агар кимдир, бундан кейин ҳам олдинги Олимпия ўйинларида бўлгани каби фақат яккакураш спорт турлари ҳисобидан ютуқларга эришамиз, деб ўйласа адашади. Билиб қўйинглар, бу – мутлақо нотўғри ёндашув. Ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини намоён этишда 2024 йилда бўладиган Париж Олимпиадаси янада муҳим аҳамиятга эга. Бўлғуси Олимпиада олдидан футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол сингари жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш асосий мақсадимиз бўлиши зарур”, деди.
Хўш, жамоавий спорт турларидаги имконияларимиз, шарт-шароитлар қандай? “Париж-2024” йўлида спорт федерацияларида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган қулайликлардан юртимиз спорт жамоатчилиги самарали фойдалаиб, Ўзбекистоннинг халқаро спорт имижини янада ошириш тамойилларини яратишяптими? Ўзбекистон регби федерацияси ижрочи директори Рустам Набиев билан шу хусусида суҳбатлашдик.
- Маълумки, 2019 йил 29 октябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
- Дарҳақиқат, мазкур тарихий қарор регби спорт турининг ривожи йўлида биз учун дастуриламал бўлмоқда. Чунки, шу пайтгача ўйин спорт турлари орасида ўзининг алоҳида сифатлари билан ажралиб турадиган регбига давлат томонидан эътибор қаратилмаган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур қарор ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда регби спорт тури ўтган давр мобайнида жуда абгор аҳволда эди. 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон регби федерацияси раиси етакчилигидаги жамоамизнинг амалга оширган кенг кўламли саъй-ҳаракатлари натижаси ҳамда мазкур қарорнинг қабул қилиниши билан “регби парвози” жойидан силжиди. Мусобақалар ўтказиш, ўқув машғулотлар ташкил этиш, керакли мутахассисларни жалб этиш, ҳамкор ташкилотлар билан зарур дастурларни амалга ошириш ишлари бошланиб кетди. Хусусан, қарор асосида Ўзбекистон Миллий ва Чирчиқдаги жисмоний тарбия университетларида регби факультетлари очилди.
Бундан ташқари, 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг республика мусобақалари совриндорлари ва чемпионларини таълим муассасаларига қабул қилиш тўғрисидаги фармонидан сўнг регбичиларимизнинг 50 нафарга яқини олий ўқув юртларига қабул қилинди. Бу йил Миллий университетга қабул квотаси бўйича 25 нафар, Жисмоний тарбия ва спорт университетига 20 спортчи қабул қилинди. Бу регби ривожида ўзига хос силжиш, дейиш мумкин. Чунки бугунги кунда афсуски, мамлакатимизда айнан регбига ихтисослашган, шу спорт турида камолга етган битта ҳам мураббий йўқ эди. Бор мутахассисларнинг деярли барчаси у ёки бу спорт турида шуғулланиб, кейин регбига жалб қилинган ходимлар саналади. Бугун олий таълим муассасаларига регби бўйича қабул қилинган ёшлар келажакда Ўзбекистон регбисининг ҳақиқий пойдеворлари бўлиб етишади.
Қарорда мамлакатимизда мавжуд 15 та олимпия заҳиралари коллежида регби филиаллари очилиши кераклиги белгиланган эди. Спорт вазирлигининголимпия заҳиралари коллежларида регби бўйича филиал очиш тўғрисидаги буйруғи ҳам тасдиқланган. Афсуски, 2020 йил фақат Тайлоқ олимпия заҳиралари коллежида бўлим очишга муваффақ бўлинди. Бу йил давомида биз турли идоралар ва вазирликларга квота ажратиш талаби билан мурожаат қилдик. Бугунги кунга келиб 5 та минтақада ва олимпия заҳиралари коллежларида регби бўлимларини очиш учун квота бериш масаласи истисно сифатида кўриб чиқилмоқда.
- Бунга Президентимизнинг Токио олимпадачилари билан учрашувда жамоавий ўйин спорт турларини ривожлантириш тўғрисидаги сўзлари таъсир кўрсатган бўлса керак.
- Ҳақиқатдан ҳам, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 августда олимпиадачиларимиз билан учрашувда ўйин спорт турлари, хусусан регби бўйича айтган гаплари жуда катта туртки бўлди. Ўйлайманки, мутасадди раҳбарлар Президентимизнинг шу сўзларидан кейин Ўзбекистон регби федерациясининг талабларини қайта кўриб чиқишар, деган фикрдамиз. Лекин ҳозирча бу таълим муассасаларига регби ўйинчиларини қабул қилиш тўғрисида буйруқ берилмаган.
- Қўшни Қозоғистонда 20 дан орттиқ регби клублари мавжуд. Ўзбекистонда регби клубларининг аҳволи қандай?
- Регби Англияда пайдо бўлган спорт тури ҳисобланади. Ўтган асрнинг 60-70 йилларидан регби бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ажралмас ривожланиш алоқалари мавжуд. Қозоғистонда 20 та регби клуби бор, дейиш хато. 20 жамоа бўлиши мумкин. Регби масаласида уларнинг вазияти биз билан деярли бир хил. Мамлакатимизнинг бир қатор ташкилотлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида 22 та, қолаверса, бошқа идоралар таркибида ҳам маълум бир регби жамоалари мавжуд ва уларнинг ички ва ўзаро мусобақалари мунтазам ўтказилиб келинади. Биргина мисол, 2019 йил ўтказилган Ўзбекистон чемпионати эркаклар баҳсида 17 та ва аёллар мусобақасида 12 та жамоа иштирок этди.
Бугун Ўзбекистоннинг барча вилоятларида регби федерациялари ташкил этилди. Фақат Қашқадарё вилоятида мазкур иш ўз ечимини топганича йўқ. Шу ўринда айтиш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан регбини ривожлантириш тўғрисидаги қарорда ҳар бир вилоят ҳокимлиги регби бўйича профессионал клублар ташкил этиш лозимлиги қайд этилган бўлса-да, қарорнинг ушбу банди ўз ижосини топганича йўқ. Агар, қарор бандлари белгиланган вақтда бажарилса, аминмизки, Ўзбекистон регбичилари сўзсиз Париж олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади. Бунинг учун бизда имконият бор. Фақат керакли шарт-шароитларни яратиш, қўйилган вазифаларни ўз вақтида бажариш лозим.
- Мазкур қарорда тўрт босқичли регби мусобақалари тизимини жорий этиш белгиланган. Бу борадиги ишлар тўғри йўлга қўйилдими?
- Афсуски, бу масала регби спорт турида ҳали ҳам ўз ечимини топгани йўқ. Биласиз, регби федерацияси жамоат ташкилоти. Ҳар қандай спорт тури бўйича ички биринчилик, чемпионатларни ўтказиш бўйича масъул давлат спорт ташкилотлари мавжуд. Йиллик календарь режалар ишлаб чиқилади, тасдиқланади. Бироқ айрим спорт турлари бўйича мусобақалар қоғозларда қолиб кетаверади. Регби бўйича 4 босқичли, яъни мактаб-туман-ҳудуд-республика босқичини ўтказиш тизими ҳали ишга тушмаган. Боиси, мамлакатимизда регби майдонлари, спорт инвентарлари, қолаверса мутахассислар борасида катта муаммолар мавжуд. Ҳар қандай спорт турининг ривожи албатта, оммавийликка боғлиқ. Оммавийлик эса мактаб остонасидан бошланади. Оммавий спорт маскани бўлган мактабларда ҳозирча регби йўқ. Баъзида Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона, Наманган, Тошкентда ҳудудий мусобақаларни минг бир машаққат билан ўтказиб, кейин республика чемпионатларини ташкиллаштиришга тўғри келади. Биз ҳалигача 4 босқичда ўтадиган мусобақаларни 2 босқичда ўтказиб келмоқдамиз. Масалан, волейбол, баскетбол, футбол ва қўл тўпи ўйинлари мактаб ўқув дастурига киритилган. Ушбу турларда мактаб, туман, вилоят, республика мусобақалари доирасида ўзлари учун мактаб лигасини туза олишлари мумкин. Лекин ўнлаб йиллар давомида қурилган инфратузилма билан ҳам ҳали тўрт босқичли мусобақа тизими жорий этилди, дея мақтана олмаймиз.
Регби ҳам ўйин тури бўлса-да, жиҳоз ва инвентарлар йўқлиги сабабли мактаб ўқувчилари ўртасида оммавийлашмаган. Бу борада қилиниши керак бўлган ишларимиз жуда кўп. Бунинг учун бизда ўқув материаллари тайёр, зарур бўлган инвентаризациямиз мавжуд. Афсуски, мактабларга регби спортини жорий этиш бўйича тегишли қарорга муҳтожмиз. Ўтган йили тажриба сифатида бизга 208 та мактаб рўйхати берилди. Бу 208 туман бўлиб, ҳар бир туманда битта мактаб бор, лекин мактаблар рўйхати ажратилган, кейин Халқ таълими вазирлигининг буйруғи билан жисмоний тарбия ўқитувчиларини тайёрлашимиз мумкин эди. Мактабларда ихтиёрий регби
машғулотларини жорий этишимиз учун тегишли вазирлик ва идораларнинг қатъиятли қарори зарур. Қарор эса ҳали қабул қилинмаган.
- Регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2022 йил Ханчжоу шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган Осиё ўйинларида иштирокини таъминлаш ва келажакда 2024 йилги олимпия ўйинларида қатнашувига эришиш мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган дастурда кўрсатиб ўтилган. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Молиявий қўллаб-қувватланмаган ҳар қандай дастур фақат қоғоздаги рекорддир. Президентимизнинг қарори бор, дастурлар қабул қилинган. Бироқ молиявий манба бўлмаса, барчаси бекор.
Ўзбекистонда регби бўйича алоҳида спорт базаси йўқ. Регби мусобақасини ўтказиш учун ҳамиша футбол бўлимларини ёки бошқа бўлимларга тегишли базалардан ижара асосида фойдаланамиз. Спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларга мунтазам тайёргарлик кўришлари учун тегишли маблағ манбасини топишда доимий муаммоларга дуч келамиз.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-19 сентябрь кунлари Тошкентда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси мавжуд бўлса-да, спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинларини молиялаштириш ва ушбу чемпионатга тайёргарлик кўришда қийинчиликлар борлиги ҳақиқат. Мазкур муаммоли вазиятдан чиқиш учун ҳозирча Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасидан кўмак олдик. Кўриб турганингиздек, регби бўйича Ўзбекистон терма жамоаси келгуси йили Хитойда ўтадиган Осиё ўйинларига ва 2024 йилги Париж олимпиадасига шундай мураккаб шароитда тайёргарлик кўрмоқда
Бироқ шуни ифтихор билан таъкидлашни истардимки, спортчиларимиз, мураббий ва мутахассисларимизда ушбу нуфузли мусобақаларда иштирок этиш учун катта иштиёқ бор. Ўйлайманки, уларнинг бу орзу-интилишлари амалга ошади.
- Албатта, ҳар бир муваффақият мураббий ва мутахассисларнинг профессионал фаолияти билан боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда тажрибали регби тренерлар, маҳоратли мутахассисларни тайёрлаш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?
- Бу саволингизга қисман жавоб бердим. Шундай бўлса-да, асосий масалани айтиб ўтиш лозим, назаримда. Ҳозирда кўпчилик регби мутахассислари асосан баскетбол ва қўл тўпидан. Улар регбида ишлашни исташади. Муҳими, уларда мураббийлик тажрибаси бор. Фақат қўл тўпи ёки баскетболдан регбига ўтишлари керак. Аммо бу жараён 2021 йил 1 мартдан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Мураббийларни қайта тайёрлаш маркази томонидан тақиқланди. Яъни, мутахассиснинг бир спорт туридан иккинчисига ўтиши жуда катта жараённи талаб этадиган бўлди. Илгари мураббий аризаси ва керакли билим асосида сертификат олиши мумкин эди. Шу боисдан, биз регби мураббийлар сонини кўпайтириш масаласида самарали механизмни қайта кўриб чиқяпмиз.
- Ҳар бир спорт турининг оммавийлашиши, ўз навбатида, спорт жиҳозларига боғлиқ. Шу маънода, регби спорт турининг инвентар ва жиҳозларини мамлакатимизда ишлаб чиқиш ёки хорижий мамлакатлардан олиб келиш масаласида ечимини кутаётган масалалар борми ва бу ишлар қандай ҳал этилмоқда?
- Яна бир оғриқли масалани айтдингиз. Мамлакатимизда мавжуд спорт дўконларига эътибор берсангиз, уларда регбидан ташқари ҳар қандай спорт турлари учун анжомлар мавжудлигига гувоҳ бўласиз. Футбол, волейбол, яккакурашлар учун жиҳозлар бор. Аммо регбининг бирорта жиҳозини тополмайсиз. Шу боис, регби федерацияси барча жиҳозларни чет элдан валютага олиб келмоқда. Бу катта маблағ. Спорт вазирлигида регбини инвентаризация қилиш учун бундай харажатлар кўзда тутилмаган. Миллий олимпия қўмитасида ҳам бундай имконият йўқ. Шу сабабли, регбини кейинги даврда муттасил ривожланадиган спорт турлари сафига қўшиш борасида бир қатор масалаларни ҳал этиш лозим бўлади.
- Жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари Тошкентда регби бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказиладиган чемпионатга тайёргарлик ишлари қандай кечмоқда?
- Айтиб ўтилган муаммо ва ечимини кутаётган масалаларга қарамасдан жорий йилда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида иккита турнир ва регби-7 бўйича республика чемпионатини ўтказдик. Биласизки, айнан регби-7 олимпия ўйинлари тизимига киритилган. Шу сабабли кейинги йилларда айни йўналишга катта эътибор қаратяпмиз.
Қорақалпоғистон Ркспубликаси, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам бир қанча ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Мақсад, Осиё ва олимпия ўйинлари даражасига чиқиш, албатта. Тошкентда ўтказилиши белгиланган Осиё чемпионати ҳам шу йўналишдаги катта режанинг бир қисмидир. Тайёргарлик ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Ўйлайманки, барчаси қийинчиликларга қарамасдан юқори савияда ташкил этилади.
- Жорий йилда юртимиз регбичиларининг қандай халқаро мусобақаларда иштирок этиши режалаштирилмоқда?
- Бу йил терма жамоамиз аъзолари учун бир қатор мусобақаларни режалаштирганмиз. Улардан энг асосийси декабрда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказиладиган “Dubay-sevinc” халқаро турниридир.
ЎзА мухбири Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди.