Ҳар қандай ахборот, аввало, ақл ва қонун тарозисида ўлчаниши шарт
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан Одил судлов академиясида ташкил этилган “Суд журналистикаси” курсидаги ўқув жараёнида суд тизими ва уни ёритиш борасидаги қарашларим асл ҳақиқатдан йироқ бўлганини англатди.
Шу йилнинг апрель ойидан бошланган машғулотларда бизга машҳур журналистлар, тажрибали судьялар, малакали ҳуқуқшунослар ва соҳа экспертлари томонидан суд органлари фаолиятини ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида дарс машғулотлари ўтилди.
Профессионал курс давомида суд журналистининг касбий қиёфаси, унинг зиммасидаги вазифа ва ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, айниқса масъулияти қонунчилик ва амалиёт таҳлили асосида батафсил тушунтириб берилди.
Мамлакатимиздаги суд тизими, унинг йўналишлари, хусусан жиноят, фуқаролик, маъмурий ҳамда иқтисодий судларнинг ўзаро фарқли жиҳатлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
Энг муҳими, суд процессларида журналистнинг иштирок этиш тартиби, суд процессини тасвирга тушириш, унда овоз ёзиб олиш қоидалари малакали мутахассислар томонидан ўргатилди.
Дарс машғулотларининг назарий қисми амалиёт билан уйғун мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилиб, яъни бевосита суд процессларида ўзимиз иштирок этдик. Суд процесси жараёнини ўз кўзимиз билан кўрдик ва бундан кейин суд органлари фаолияти тўғрисида тасаввуримиз ўзгарди. Очиқ суд мажлисларида бевосита иштирок этиш ва процессуал жараёнларни кузатиш орқали тизим фаолиятини ичкаридан туриб, холис баҳолаш имкониятига эга бўлдик.
Ушбу жараёнда амин бўлдимки, бугунги жамиятда суд органлари, судьялар мақоми ва суд ишларига нисбатан муайян стереотиплар ҳали ҳам мавжуд экан.
ОАВда суд ишларини ёритишда баъзан бир томонлама ёндашув ёки ҳиссиётларга берилиш ҳолатлари кузатилади. Ваҳоланки, суд-ҳуқуқ мавзусидаги ҳар бир нотўғри талқин ёки асоссиз хулоса инсон тақдири, унинг шаъни, қадр-қиммати ва қонуний ҳуқуқларига дахл қилади.
Судья ҳукм ёки қарор чиқаришда қонун ва виждон олдида қанчалик масъул бўлса, журналист ҳам суд жараёни тўғрисидаги холис ва ҳаққоний маълумотларни оммага етказиб беришда шунчалик жавобгарликни ҳис этиши шарт. Чунки, ОАВ вакилининг биргина ноаниқ ёки шошма-шошарлик билан берган хабари жамиятда нотўғри тасаввур, асоссиз шубҳа ва ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Машғулотлар давомида англаганим яна бир муҳим ҳақиқат шу бўлдики, суд мажлисларининг доим ҳам очиқ бўлмаслигининг қатъий, қонуний ва асосли сабаблари мавжуд экан. Айрим тоифадаги ишларда фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, тижорат ёки давлат сирларини муҳофаза қилиш зарурати туғилади. Шу нуқтаи назардан, жамият талаб қилаётган ошкоралик принципи ва қонунчилик томонидан кафолатланган махфийлик ўртасидаги нозик мувозанатни тўғри англаш ҳамда ўқувчига тўғри тушунтира олиш бош мезондир.
Хулоса қилиб айтганда, “суд журналистикаси” курси менга бир касбий ҳақиқатни ўргатди: ҳар қандай ахборот, аввало, ақл ва қонун тарозисида ўлчаниши шарт. Суд ҳокимиятига оид ҳар қандай мавзу эса баландпарвоз ҳиссиётлардан холи равишда, фақат холислик, аниқлик ва юксак масъулият мезони асосида ёритилиши зарур.
Лайло Очилдиева,
“Суд журналистикаси” курси тингловчиси