Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар кунинг бўлсин Наврўз

Тонгдан атрофга тарқалаётган карнай-сурнай садолари барчани Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги марказий стадионга чорлади. Бу ерда “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” шиори остида ўтказилган Наврўз сайли жамиятнинг барча қатламларини бирлаштирди. Тадбирда Гулистон тумани ва қўшни туманлар аҳолиси, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган бола-чақа ва катталар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан тайёрланган кўргазмалар, ҳунармандлар яратган буюмлар, қўлигули аёлларимиз тайёрлаган кашта ва сўзаналар, миллий таомлар ҳамда урф-одатларнинг намойиши байрамга ўзгача файз бахш этди. Бу эса меҳмонларга миллий анъаналар ва қадриятларимизни яқиндан ҳис этиш имконини берди.

Туман ҳокими Олимжон Жўраев барчани Наврўз билан табриклаб, жумладан шундай деди:

– Шу кунларда табиат уйғониб, баҳор Гулистонимизга кириб келмоқда. Бу энг қадимий ва олижаноб байрам, инсонларда янгиланиш ва яшариш ҳиссини уйғотади. Бу йилги Наврўз муқаддас Рамазон ойи билан уйғун келиб, байрамга алоҳида руҳ ва қувонч бағишламоқда. Барча мўмин-мусулмонларни табаррук Рамазон ойи билан яна бир бор қутлайман.

Ҳоким Наврўзнинг 3 минг йиллик тарихий маънавий аҳамиятига ҳам эътибор қаратди ва туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, янги корхоналар, замонавий уй-жойлар, боғча ва мактаблар Наврўзнинг яратувчанлик ва фаровонлик фалсафасига ҳамоҳанг эканини таъкидлади.

– Баҳор яхши келса, мўл-кўлчилик бўлади, –  дейди байрам тадбирида иштирок этган “Саидакбар” фермер хўжалиги раҳбари Валижон Турдиев. – Шу боисдан бугунги байрам тадбирлари Наврўзга хос ва мос равишда нишонланмоқда. Бу нафақат тадбирда иштирок этаётганларга, балки давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир кишига кўтаринки руҳ улашмоқда.

Ёшлар байрамни катта хурсандчилик ва қувонч билан қарши олишди. Наврўз аввало ёшлик, шижоат ва янгиланиш айёми бўлиб, улар замонавий билимлари, ватанпарварлик руҳи ва интилишлари билан Янги Ўзбекистоннинг келажагини қуришда асосий куч ҳисобланади.

– Сирдарёликлар учун баҳорнинг ҳар куни байрам. Бугунги тадбир нафақат байрамга хос, балки иштирокчилар ҳаётига кўтаринки руҳ улашди, –  дейди устоз журналист ва меҳнат фахрийси Баҳринисо Норжигитова.

Байрам дастурида ёш спортчилар ва полвонлар чиқишлари, халқ ўйинлари (“Ланка”, “Чиллак”, “Беш тўш”, “Оқ терак-ко‘к терак”) ҳамда фольклор ва санъат жамоалари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга завқ ва қувонч улашди.

– Бугунги тантанага набираларим ва чевараларим билан келдим. Уларга Наврўз халқимизнинг энг қадимий шодиёнаси эканлигини айтдим ва юртимизга тинчлик, осойишталик ва қут-барака тилаб, дуо қилдим, –  дейди меҳнат фахрийси Сайфиддин Шодиев.

Шу тариқа, Наврўз сайли нафақат миллий қадриятларимизни намойиш этди, балки турли авлодлар ва ижтимоий қатламларни бирлаштириб, мамлакатда янгиланиш, муҳаббат ва бирлик руҳини уйғотди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири