Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир... (+видео)
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, Бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир.
Бугун жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган шахс, бетакрор истеъдод соҳиби бўлган шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 542 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги Тошкент шаҳар Болалар кутубхонасида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Бобурхонлик кечаси ҳамда янги нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда педагоглар ва ўқувчилар иштирок этди. Тадбир давомида Бобур ҳаёти, ижоди ва илмий мероси ҳақида сўз борди, ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди, Бобур ғазаллари билан аталувчи куйлар ижро қилинди.

—Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортиқ. Шулардан 119 таси ғазал, 231 таси рубоий. Бобур туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда ҳам асарлар яратган, — дейди Тошкент шаҳар Болалар кутубхонаси директори ўринбосари Инобат Умарова. —Тарихдаги буюк бобокалонларимизнинг ижодий мероси биз учун улкан маънавий хазинадир. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли осон кечмаган. Ўз юртининг соғинчи армон бўлсада, Бобур ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон гуллаб-яшнайди. Адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ривожланади. Унинг ўғиллари ва авлодлари даврида Ҳиндистон қудратли мамлакатлардан бирига айланди. Бобур адолатпарварлик, инсонпарварлик туйғуларини мадҳ этган.
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир.
Бобур лирикаси насиҳатларга бой, содда ва самимийдир. Орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FWrn7HvGWZQ" title="Har kimki vafo qilsa, vafo topqusidir..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева, ЎзА