Ҳар гектар пахта майдонидан 90 центнердан ҳосил олинмоқда
Яқинда Дўстлик туманидаги “Эшбек ота” фермер хўжалигида ҳар гектар пахта майдонидан 70 центнердан ҳосил олингани ҳақида хабар берган эдик.

Зафаробод туманидаги “Фориш йўллари” фермер хўжалигида бу кўрсаткич ортда қолдирилиб, миришкор деҳқонлар ҳар гектар майдондан 90 центнердан ҳосил олишга эришди. Бу нафақат жиззахликлар, бутун Ўзбекистон пахтакорларини илҳомлантирмоқда.
Ҳосилдорликдаги бундай улкан натижа, албатта, тасодиф эмас. Рустам Райимқулов раҳбарлигидаги хўжалик ер майдони катта бўлмасада, амалга оширилаётган ишлар миқёси юксак.
– Умумий майдонимиз 100 гектар бўлиб, шундан 40 гектари пахтазордир. Пахта майдонимизнинг 30 гектарига жорий йил 6 апрелда Хитой Халқ Республикасида яратилган ва ўзимизда иқлимлаштирилган “Хитой–57” навли уруғни 76 схемада экан эдик, – дейди “Фориш йўллари” фермер хўжалиги раиси Рустам Райимқулов. –Замонавий томчилатиб суғориш технологиясини жорий этдик. 1 гектарга 180-185 мингта кўчат тўғри келади. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва талаб даражасида амалга оширдик. 25 йилдан буён фермерлик қилиб келаётган бўлсамда, бунақа юқори ҳосилни биринчи марта кўришим. Буларнинг барчаси муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга ошрилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир, деб биламан.
Энг муҳими, фермерлар ўз ишига ишонч ва меҳр билан ёндашди. Ва бу меҳнат натижасини кўрсатди: Ўзбекистон пахтачилиги тарихида илк бор ҳар гектардан 90 центнердан зиёд ҳосил олингани қайд қилинди.
Бу рақам оддий статистика эмас, юртимизда фермерлик маданиятининг юксалаётгани, инновация ва замонавий ечимларга ишончнинг ортиб бораётганини англатади. Терим жараёнида замонавий технологиялар ҳам муҳим ўрин тутди. Хитойда ишлаб чиқарилган “Boshiran 4MZ-4A” русумдаги 4 қаторли пахта териш комбайнлари орқали ҳосилнинг бир мисқоли ҳам қолдирилмай, тез ва сифатли йиғиб олинмоқда. Бу нафақат ишни енгиллаштирмоқда, балки инсон салоҳиятини бошқа муҳим жараёнларга йўналтириш имконини ҳам яратмоқда.
“Фориш йўллари”даги муҳитда бир нарса яққол кўзга ташланади: бу ерда меҳнат улуғланади. Фермер ишчилари ҳар туп ғўзадаги ҳосилни эҳтиёткорлик билан йиғиб олмоқда, бу меҳнат ва меҳр замирида шукроналик ва ифтихор мужассам.
Бу ютуқ “Фориш йўллари” жамоасининг эмас, балки Жиззах вилоятининг аграр салоҳияти, фермерлик маданияти юксалаётганини тасдиқлайдиган ҳаётий мисолдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири