Юртимизда жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириши мумкинлигига оид тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди.
Эндиликда ер участкасига мулк ҳуқуқи белгилангандан сўнг ерни мулкдордан фақат сотиб олиш мумкин бўлади. Агар фуқаро ер участкасини бериш ёки сотишни истамаса, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун шунчаки олиб қўйилишига йўл берилмайди.
Яшаб турган ҳовли-жойни хусусийлаштириш учун қаерга мурожаат қилиш керак? Хусусийлаштириш тартиби ва тўлови қандай? Каби саволларга кўп дуч келамиз. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев билан суҳбатлашдик.
– Кўпчилик ер участкасини давлат эхтиёжлари учун олиб қўйилиши ёки исталган вақтда ер майдони “снос”га тушишидан ҳавотирланиб яшайди. Бу масаланинг ечими борми?
– Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 февралдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир Маъмурий регламент тасдиқланди. Бу нима дегани? Биламизки, шу кунгача фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди.
Яъни, бино сизники бўлса ҳам, ер участкаси давлатга тегишли бўлган. Давлат фуқароларга ер участкасини фойдаланиш, эгалик қилиш ёки ижарага берган. Шу боис, кўпчилик ер участкасини давлат эхтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкинлиги ёки исталган вақтда ер майдони “снос”га тушишидан ҳавотирланиб яшайди. Янги регламентга кўра эса, ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида сотилиши белгиланди. Бу, энг аввало, фуқаронинг ер участкасига бўлган мулкчилик ҳуқуқини кафолатлайди. Яъни, ҳовлиси жойлашган ер майдони ҳам уй эгасининг ўзига тегишли бўлади. Энди ерни ундан ҳатто давлат ҳам олиб қўя олмайди, фақат бозор нархида сотиб олиши мумкин. Аммо ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий бўлиб, бунинг учун фуқарони мажбурлаш қонунан тақиқланади.
– Хўш, хусусийлаштириш тартиби қандай?
– Жамиятда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг бош омилларидан саналади. Мамлакатимизда жорий этилган янги тизим ҳам, биринчи галда, аҳолининг ўз уй-жойи, ер участкасига ўзи эгалик қилишини кафолатлашга қаратилган.
Регламентга кўра, ерни хусусийлаштириш қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларга нисбатан амал қилади. Булар юртимиз фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амага ошириш учун берилган, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ҳамда бўш турган ер участкаларидир. Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунида қандай ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ҳам изоҳланади.
Шундай қилиб, сиз ўзингиз яшаб турган ҳовли-жойнинг ер участкасини хусусийлаштиришга қарор қилдингиз. Бунинг учун кўчмас мулкнинг ер участкасига тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш лозим. Демак, ишни жисмоний ёки юридик шахс сифатида Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёхуд Ягона давлат интерактив хизмати портали (my.gov.uz) орқали ариза билан мурожаат қилишдан бошлайсиз.
Ариза қолдирилган вақтда фуқаронинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши керак. Тартибга кўра, ўзига тегишли ерни хусусийлаштириш жараёни 22 иш кунигача, бўш ерлар аукцион орқали сотиб олинганда эса 16 иш кунигача бўлган муддатда амалга оширилади.
Ер участкаларини хусусийлаштириш учун тақдим этилган ариза Давлат кадастрлари палатаси ва Қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Палатанинг туман(шаҳар) филиаллари ер участкаси ариза берган фуқаронинг номига расмийлаштирилганми ёки йўқ, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади.
Мазкур ер участкаси ўзгармагани, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги маълумотларга мувофиқлиги, объект бўйича тақиқ ва чекловлар мавжуд эмаслиги жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Кадастр ҳужжатлари, хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган барча томонлар текшириб чиқилади.
Қурилиш бўлимлари эса ер участкаси жойлашган ҳудуднинг шаҳарсозлик меъёрларига, қуриш ҳужжатларига мослигини ўрганади. Шундан сўнг фуқарога хусусийлаштириш учун тўловни амалга ошириш ҳақида хабарнома юборилади. Хусусийлаштириш тўлови мулкдорлар ва ердан фойдаланувчилар учун ўша кунда белгиланган базавий солиқ ставкасининг 20 баробари этиб белгиланган.
Тўлов амалга оширилгач, Давлат активларини бошқариш ҳудудий бошқармаси ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерини расмийлаштиради. Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади.
Ушбу жараён мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор – Фарғона вилояти Қўқон шаҳри “Ёғ бозори” МФЙ, О.Маҳмудов кўчаси 27-уйда яшовчи фуқаро П.Муҳамадиевга қарашли мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган 271 кв.м ер майдонига фуқаронинг тегишли аризасига мувофиқ мулк ҳуқуқини берувчи энг биринчи давлат ордери расмийлаштирилган.
Қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг яхлитлиги, очиқлик ва шаффофлик — ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари ҳисобланади. Шулардан бирига амал қилинмаган тақдирда ҳам хусусийлаштириш амалга оширилмайди.
Баъзан фуқаро ўзи эгаллаб турган ер участкасини хусусийлаштириш учун ариза берадию, лекин айрим сабабларга кўра хусусийлаштириш рад этилади ёки фуқаронинг ўзи томонидан бекор қилинади. Балки тўлов суммасини тўлаш ёки бошқа ҳуқуқий масалаларда юзага келган муаммо бунга сабаб бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда ер участкаси ҳусусийлаштирилмайди. Бироқ бу ер участкасига бўлган аввалги ҳуқуқ бекор қилинади, дегани эмас. Олдинги ҳуқуқ қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолади.
Ер участкасига бўлган мулкдорлик ҳуқуқи фуқарога нафақат бино-иншоот, балки унинг ерини ҳам алоҳида сотиш имконини беради. Шунингдек, бу ердан гаров объекти сифатида фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб, ипотека кредити олиш имконияти ҳам бор.
Хусусийлаштириш жараёнида ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзи сотиб олиши мумкин. Бу ер аукционга қўйилмайди, бошқа одам сотиб олиши ёки ўзга кишига ўтиб кетиши ҳам мумкин эмас. Яъни, мулкдорнинг ихтиёридаги ер участкасига унинг розилигисиз ҳеч ким дахл қила олмайди.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасида белгиланган жиҳатлар бундан мустасно. Аниқроғи, айрим ҳолларда хусусийлаштирилган ер мулкдордан олиб қўйилиши мумкин. Хусусан, ер давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олинганда, ерга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилганда, ер мусодара қилинганда ва эпидемия, табиий офат вақтида ер реквизиция қилинганда олинади.
Айтиш жоизки, қонунчиликда шу вақтгача ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмаган. Янги тизим сўнгги йилларда юртимизда ер соҳасида амалга оширилаётган тезкор ислоҳотларнинг самараси. Энди одамлар нафақат ҳовли-жой, балки ер участкасининг ҳам қонуний мулкдорига айланади. Асосийси, хусусий мулк дахлсизлиги қонуний ҳимояланади.
Давлат активларини бошқари агентлиги томонидан «Yerхususiylasнtirish» автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди ва ушбу тизимда жорий йилинг 1 июль ҳолатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан жами 1 минг 222 та аризи келиб тушган. Ушбу аризаларнинг 328 таси ижобий деб топилиб, ҳуқуқ эгаларининг муклари хусусийлаштириб берилди ва 104 та ариза ўрганиш жараёнида.
Шунингдек ушбу тизимга келиб тушган аризаларнинг 790 таси ваколатли органлар томонидан рад этилди. Рад этилган аризалар таҳлил қилинганда 350 та ҳуқуқий ҳужжати йуқлиги, 113 та хуқуқий ҳужжати давлат рўйхатидан ўтмаганлиги, 63 та хуқуқий ва амалдаги ер майдонларида тафовут (ўзбошимча ўзлаштирилган ер майдони) борлиги, 40 та ариза такроран берилгани, 28 та ариза тақиқда турганлиги, 9 та кўп қаватли турар жойда жойлашгани, 4 та хусусийлаштирилмайдиган ерлар тоифасида бўлганлиги, 1 та қишлоқ хўжалиги тоифасида бўлганлиги ва 182 та ер участкалари бошқа сабабларга асосан рад қилингани аниқланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА